Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Қишлоқ хўжалигида субсидия ва қўллаб-қувватлаш механизмлари

  • 13.05.2026
  • 16 марта ўқилди

Пахта ва буғдой етиштирувчилар молиявий қўллаб-қувватланади


“Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–82-сон, 08.05.2026 й.) қабул қилинди.
 
Фармонга кўра, 2026 йил ҳосилидан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги (Агентлик) томонидан қуйидагилар компенсация қилинади:
 
♦ пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни:
 
▪️ шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоизнинг 2,5 фоизлик пункти;
 
▪️ ҳосил йилининг якунига (31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизлик пункти;
 
♦ буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункти;
 
♦ пахта хомашёсини харид қилиш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми.

 
Айрим қишлоқ хўжалиги корхоналарига субсидия ажратилади


Фармонга кўра, дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида:
 
♦ 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлгача қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 13 млн сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда республика бюджети ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратилади.
 
▶️ 2026 йил 1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг хўжаликларга қуйидаги субсидияларни ажратиш ваколати Агентликка ўтказилади:
 
♦ қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотганда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаб бериш;
 
♦ пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисмини қоплаб бериш.


Лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш рағбатлантирилади


“Лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–83-сон, 08.05.2026 й.) қабул қилинди.
 
Мазкур Фармон иловасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш ишларини ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асос (ТИА)га мувофиқ амалга оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
 
♦ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили ер участкаларини фойдаланишга киритиш дастурини тасдиқлайди, ер тузиш лойиҳаси ва ТИА ишлаб чиқиш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига буюртманома беради;
 
♦ ер тузиш лойиҳаси ва ТИА ишлаб чиқилиши, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил қилинади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ҳудудга бириктирилган масъуллар томонидан тасдиқланади. Бунда ТИАда қуйидагилар назарда тутилади:
 
▫️ ер участкаларининг таҳлили, уларни фойдаланишга киритишнинг ҳар бир босқичидаги чора-тадбирлар, масъуллар, муддатлар, харажатлар, молиялаштириш манбалари, лойиҳа самарадорлиги, назорат;
 
▫️ чора-тадбирларни амалга ошириш учун талаб қилинадиган инструментлар ҳамда давлат томонидан тақдим этиладиган
қўллаб-қувватлаш чоралари;
 
♦ ер участкалари (ер тузиш лойиҳаси ва ТИА билан биргаликда) қонунчиликда белгиланган қийматда “E-auksion” савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
 
♦ ер участкаларини фойдаланишга киритиш муддати у ўрнатилган тартибда ажратилган кундан бошлаб кўпи билан 2 йилгача этиб ТИАда белгиланади.

Chat