Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13214 марта ўқилди

Банк омонати (депозит) – миллий ёки хорижий валютадаги пул суммаси бўлиб, банк ва мижоз ўртасида келишилган муддатларда пулни фоизлар ёки устамалар билан ёхуд бундай шартларсиз қайтариш шарти билан берилади.

  • Банк омонати очиш учун банкка фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат  тақдим этилади.
  • Банк омонати шартномаси банк ва мижозлар ўртасида ёзма шаклда тузилиб, бир нусхаси омонатчида қолади.
  • Ҳар қандай муомалага лаёқатли шахс ўз номига ёки бошқа шахс номига омонат очиши мумкин.
  • Омонатнинг энг кам ва энг кўп миқдорлари ҳар бир банк томонидан мустақил ўрнатилади.

Омонатлар бўйича фоизлар тўлаш
  • Омонатлар бўйича тўланадиган фоиз ставкалари миқдори банк томонидан ўрнатилади.
  • Агар банк омонати шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, банк талаб қилиб олингунгача бўлган омонатларга тўланадиган фоиз миқдорларини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Банк ҳар бир омонатчига омонат бўйича фоизларнинг камайганлиги тўғрисида хабар беришга мажбур.
  • Муддатли ва жамғариб бориладиган омонатлар бўйича банк омонати шартномасида белгиланган фоизлар миқдори банк томонидан бир томонлама камайтирилиши мумкин эмас.
  • Банк омонати суммасига фоизлар сумма банкка келиб тушган кундан бир кун ўтиб ҳисоблаб борилади ва омонатчига қайтариш ёхуд бошқа асосларга кўра омонатчи ҳисобидан ечиб олиш кунига қадар (шу кунни ҳам қўшган ҳолда) ҳисобланади.

Омонатни тўлдириш тартиби
  • Қўшимча суммалар нақд ва нақд пулсиз кўринишда омонат қўйилган валютада қабул қилинади.
  • Омонатга қўшимча маблағларни қабул қилишда омонатчи банкка жамғарма дафтарчаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.

Омонатни муддатидан олдин қайтариш
  • Агар омонатчи омонатни муддатидан олдин ёхуд банк омонати шартномасида кўрсатилган ҳолатлар юз беришидан олдин қайтариб олмоқчи бўлса, бу ҳақда банкни талаб қилиб олиш режалаштирилаётган санадан 1 ойдан кечиктирмаган ҳолда огоҳлантириши лозим.
  • Мазкур талабдан “Талаб қилиб олингунгача” бўлган омонатлар бундан мустасно. Шундан келиб чиқиб, агар муддатидан олдин талаб қилиб олиш зарурияти келиб чиқса, омонатчи банкни бу ҳақида огоҳлантириши лозим.
  • Омонатни муддатидан олдин қайтариб олиш ҳақидаги ариза омонат очилган банк бўлинмасига топширилади. Ариза билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда омонат дафтарчаси ҳам топширилади.
  • Агар омонат суммаси ва унга тўланган фоизлар омонатчига тўлиқ берилса, омонат дафтарча омонат бўйича маблағларни берган банк филиалида қолади.

Омонат қолдиғи, кирим-чиқим операциялари, омонат муддати тугаши ҳақидаги маълумотлар, шунингдек бошқа зарур маълумотни омонатчи мобиль иловадан фойдаланган ҳолда ёки ўрнатилган инфокиосклар ёрдамида ёхуд Интернет тармоғида банкнинг веб-сайтида очилган шахсий кабинетига кириб олиши мумкин.


Қўшимча маълумотни банкларнинг расмий веб-сайтларидан олиш мумкин.

Chat