Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35063 марта ўқилди

Ворислик асослари

Ворислик — вафот этган шахсга тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин бекор бўлмайдиган мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг меросхўрларга ўтишидир.

Ворислик:

  • васиятнома бўйича;
  • қонун бўйича амалга оширилади.

Қонун бўйича ворислик васиятнома мавжуд бўлмаса, васиятнома бутун мероснинг тақдирини белгиламаса ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда қўлланилади.

Мерос таркиби

Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган ва унинг ўлимидан кейин ҳам сақланиб қоладиган қуйидагилар мерос таркибига киради:

  • кўчар ва кўчмас ашёлар;
  • пул маблағлари ва қимматли қоғозлар;
  • мулкий ҳуқуқлар;
  • интеллектуал мулк объектларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар;
  • мулкий мажбуриятлар, шу жумладан қарзлар.

Муҳим! Меросхўрлар мерос қолдирувчининг қарзлари бўйича ўзларига ўтган мерос мол-мулкининг қиймати доирасидагина жавоб берадилар.

Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига кирмайди:

  • алимент олиш ёки тўлаш ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон олиш ҳуқуқи;
  • пенсия, нафақа ва бошқа шахсий ижтимоий тўловларни олиш ҳуқуқи;
  • мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар.

Мероснинг очилиш вақти ва жойи

Мерос фуқаро вафот этганида ёки суд томонидан вафот этган деб эълон қилинганда очилади.

Мероснинг очилиш жойи — мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи. Агар бу жой номаълум бўлса, кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.

Мерос очилган пайтда тирик бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчи ҳаётлигида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилганидан кейин тирик туғилган болалар меросхўр бўлиши мумкин. Юридик шахслар, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат васиятнома бўйича меросхўр бўлиши мумкин.

Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1112–1118-моддалари билан белгиланган.

Chat