Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16131 марта ўқилди

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам — профилактика, ташхис қўйиш ва даволашнинг махсус усуллари ёки мураккаб тиббий технологияларни талаб қиладиган касалликларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам.

Бундай ёрдам даволаш-профилактика муассасаларида тегишли мутахассис шифокорлар томонидан кўрсатилади. Унинг турлари, ҳажми ва сифат стандартларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.

Қаерга биринчи мурожаат қилиш керак?

Давлат бюджети ҳисобидан режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш учун бемор аввал ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасасига мурожаат қилади.

Оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, тиббий кўрсатма мавжуд бўлса, бир иш кунида туман ёки шаҳар даражасидаги тор соҳа мутахассисига йўналтиради.

Тор соҳа мутахассиси қандай қарор қабул қилади?

Тор соҳа мутахассиси беморни бир иш кунида амалдаги клиник протоколлар ва ташхислаш-даволаш стандартлари асосида кўрикдан ўтказади.

Агар юқори босқичда стационар даволанишга эҳтиёж бўлмаса, беморга амбулатор даволаш бўйича тавсия берилади. Агар ҳудудий ёки республика даражасидаги ихтисослаштирилган ёрдам зарур бўлса, маълумотлар электрон тизим орқали кейинги босқичга юборилади.

Ҳудудий ёки республика марказига қандай йўналтирилади?

Беморнинг ташхиси ва ҳолати юқори босқичда даволашни талаб қилса, тор соҳа мутахассиси бир иш кунида тегишли тиббий-танлов комиссиясига электрон сўровнома юборади.

Ҳудудий комиссия маълумотларни бир иш кунида ўрганади. Республика даражасида ёрдам талаб этилганда маълумотлар тегишли республика комиссиясига электрон тарзда ўтказилади.

Давлат бюджети ҳисобидан ҳудудий ва республика даражасида ёрдам олиш ҳуқуқи беморнинг тоифаси, ташхиси ва амалдаги давлат тиббий суғуртаси механизмига қараб белгиланади. Тегишли маълумотлар электрон тизимда текширилади.

Тиббиёт ташкилотини танлаш мумкинми?

Белгиланган ҳолларда бемор ёки унинг қонуний вакили Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари орасидан ташхисига мос давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлаши мумкин.

Танлаш учун 30 кун муддат берилади.

Йўлланмасиз ихтисослаштирилган муассасага борилса-чи?

Режали тиббий ёрдам учун тегишли йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат қилинса, хизмат пулли асосда кўрсатилади.

Эслатма: шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бундан мустасно.

Chat