Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15843 марта ўқилди

Медиация тарафлари қандай ҳуқуқларга эга?

Медиация тарафлари:

  • медиаторни ихтиёрий танлашга;
  • медиатордан воз кечишга;
  • исталган босқичда медиацияда иштирок этишдан воз кечишга;
  • шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этишга ҳақли.

Тарафлар тузилган медиатив келишувни унда белгиланган тартиб ва муддатларда бажариши шарт.

Медиатор қандай ҳуқуқларга эга?

Медиатор:

  • барча тарафлар билан биргаликда ёки ҳар бири билан алоҳида учрашиши;
  • низони ҳал қилиш бўйича оғзаки ва ёзма тавсиялар бериши;
  • медиацияни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларини қоплашни талаб қилиши мумкин.

Медиаторнинг асосий мажбуриятлари нималар?

Медиатор:

  • қонунчилик ва касб этикаси қоидаларига риоя қилиши;
  • билимларини доимий такомиллаштириши ва, адвокат ҳамда нотариус мақомига эга медиаторлардан ташқари, уч йилда камида бир марта малакасини ошириши;
  • медиация бошланишидан олдин тарафларга унинг мақсади, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
  • фақат тарафларнинг розилиги билан ҳаракат қилиши;
  • қонуний усуллардан фойдаланиши;
  • белгиланган статистик маълумотларни тақдим этиши;
  • мустақиллиги ёки холислигига таъсир қиладиган ҳолатлар ҳақида тарафларни хабардор қилиши шарт.

Медиаторга қандай чекловлар қўйилади?

Медиатор айни бир низо бўйича:

  • тарафлардан бирининг вакили бўлиши;
  • тарафлардан бирига юридик, маслаҳат ёки бошқа ёрдам кўрсатиши;
  • натижадан шахсан манфаатдор бўлса ёки тарафлардан бири билан қариндош бўлса медиаторлик қилиши — қонундаги ва ҳар икки тараф рози бўлган истиснолардан ташқари;
  • тарафлар розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнот бериши мумкин эмас.

Медиатор қоида бузса нима бўлади?

Қонунчилик ёки касб этикаси қоидалари бузилса, медиаторга:

  • огоҳлантириш;
  • фаолиятини 6 ойгача тўхтатиб туриш;
  • Медиаторлар реестридан чиқариш чоралари қўлланилиши мумкин.

Медиатор медиация натижасида етказилган зарар учун ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда тарафлар олдида жавобгар бўлади.

Chat