Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27054 марта ўқилди

Хусусийлаштириш тушунчаси

Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш — фуқарога у эгаллаб турган ёки янги қурилган давлат уй-жойини ҳақ эвазига, имтиёзли шартларда ёки қонунчиликда белгиланган ҳолларда текинга мулк қилиб беришдир.

Фуқарога давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳуқуқи фақат бир марта берилади.

Хусусийлаштириш объектларига:

  • ижара шартномаси асосида фойдаланилаётган квартиралар ва бир квартирали уйлар;
  • таъмирлаш ёки реконструкциядан кейин бўш турган уй-жойлар;
  • янги қурилган давлат уйларидаги квартиралар киради.

Хусусийлаштирилмайдиган уй-жойлар

Қуйидагилар хусусийлаштирилмайди:

  • ёпиқ ҳарбий шаҳарчалардаги квартиралар;
  • уй-музейлар ва моддий маданий мерос объектлари;
  • умумий ётоқхоналардаги хоналар;
  • яшаш учун яроқсиз деб топилган квартиралар;
  • хизмат квартиралари, хоналари ва уйлари;
  • икки ёки ундан ортиқ ижарачи яшайдиган, лекин улардан айримлари хусусийлаштиришга рози бўлмаган квартиралар;
  • хусусийлаштириш ҳуқуқисиз берилган аниқ мақсадли коммунал уй-жойлар.

Мурожаат қилиш тартиби

Фуқаро турар жой тегишли бўлган туман ёки шаҳар ҳокимига, давлат корхонаси, муассасаси ёки ташкилоти маъмуриятига ариза беради. Ариза кўпи билан 2 ойда кўриб чиқилади.

Турар жойни хусусийлаштириш учун фуқаро билан бирга яшаётган барча вояга етган оила аъзолари ва уй-жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахсларнинг розилиги талаб қилинади. Уй-жой биргаликдаги ёки улушли мулк қилиб расмийлаштирилиши мумкин.

Хусусийлаштирилаётган турар жой қонунчиликда белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилот томонидан қолдиқ баланс қиймати бўйича баҳоланади.

Қарор қабул қилиниб, тўловлар амалга оширилгандан кейин фуқарога давлат ордери берилади. Ушбу ордер асосида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилади.

Муҳим: хусусийлаштиришга розилик берган оила аъзолари ва уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бошқа шахслар хусусийлаштирилгандан кейин ҳам турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Уй-жойни сотиш ёки ижарага беришда уларнинг розилиги талаб этилади.

Chat