Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30522 марта ўқилди

Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти нима?

Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти — фуқаронинг Халқ банкидаги шахсий ҳисобварағида пенсия бадаллари ва уларга ҳисобланган фоизларни жамғариш тизими.

Жамғариб бориладиган пенсия тизими давлат пенсия таъминотига қўшимча равишда амал қилади.

Ушбу тизимдаги маблағларнинг сақланиши ва тўланиши давлат томонидан кафолатланади.

Кимлар жамғариб бориладиган пенсия олиш ҳуқуқига эга?

Қуйидагилар жамғариб бориладиган пенсия таъминотидан фойдаланиши мумкин:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари;
  • Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Тизимда иштирок этиш мажбурийми?

Меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, мажбурий ҳисобланади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжалиги аъзолари ва бошқа фуқаролар тизимда ихтиёрий асосда иштирок этиши мумкин.

Ихтиёрий иштирок этувчилар бадал миқдори ва уни тўлаш муддатларини мустақил белгилайди.

Шахсий ҳисобварақ қандай очилади?

Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи — фуқаронинг Халқ банкида очиладиган ва унга пенсия бадаллари ҳамда ҳисобланган фоизлар киритиладиган шахсий ҳисобварақ.

Фуқаро 16 ёшга тўлганда, уни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш ID-карта бериш билан бир вақтда амалга оширилади.

Шахсий ҳисобварақнинг тартиб рақами фуқарога умрбод берилади. Фуқаронинг иш жойи, яшаш манзили ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ўзгарганда янги ҳисобварақ очилмайди.

Ҳисобварақдаги маблағлар қандай шаклланади?

Шахсий ҳисобварақдаги маблағлар:

  • мажбурий пенсия бадаллари;
  • ихтиёрий пенсия бадаллари;
  • жамғарилган маблағларга ҳисобланган фоизлар;
  • қонунчиликка зид бўлмаган бошқа маблағлар

ҳисобидан шаклланади.

Иш берувчи ва фуқаронинг ўзи шахсий ҳисобвараққа қўшимча ихтиёрий бадаллар киритиши мумкин.

Маблағлардан қандай фойдаланилади?

Жамғарилган маблағлар фақат жамғариб бориладиган пенсия тўловларини амалга ошириш учун ишлатилади.

Халқ банки маблағларнинг:

  • алоҳида ҳисобини юритади;
  • сақланиши ва кўпайтирилишини таъминлайди;
  • уларга фоиз ҳисоблайди;
  • ҳисобварақ ҳолати ҳақида фуқарони ҳар йили ёки унинг мурожаатига кўра хабардор қилади.

Шахсий ҳисобвараққа киритилган бадаллар, ҳисобланган фоизлар ва фуқаро олган пенсия тўловларига қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ солинмайди.

Chat