Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12380 марта ўқилди

Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги никоҳ

Бошқа давлат ҳудудида:

  • Ўзбекистон фуқаролари ўртасида;
  • Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ўртасида;
  • Ўзбекистон фуқароси билан фуқаролиги бўлмаган шахс ўртасида

ўша давлат қонунчилигига мувофиқ тузилган никоҳ Ўзбекистонда ҳақиқий деб эътироф этилади. Бунда Ўзбекистон Оила кодексидаги никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаслиги керак.

Қуйидаги ҳолатларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:

  • шахслардан камида бири бошқа рўйхатга олинган никоҳда турган бўлса;
  • никоҳ тузувчилар насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар, туғишган ёки ўгай ака-ука ва опа-сингиллар бўлса;
  • фарзандликка олувчи билан фарзандликка олинган шахс ўртасида;
  • шахслардан камида бири суд томонидан руҳий ҳолати сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

Чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳ

Чет эл фуқаролари ўртасида бошқа давлатда ўша давлат қонунчилигига риоя этилган ҳолда тузилган никоҳ ҳам Ўзбекистонда ҳақиқий деб эътироф этилади.

Муҳим! Никоҳни тан олиш ва хорижий никоҳ гувоҳномасидан Ўзбекистонда расмий фойдаланиш бир хил масала эмас. Гувоҳнома давлат органига тақдим этилганда уни легализация қилиш ёки унга апостиль қўйиш ва давлат тилига таржима қилиш талаб этилиши мумкин.

Агар Ўзбекистон билан ҳужжат берилган давлат ўртасидаги халқаро шартномада ҳужжатларни тасдиқлашнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган бўлса, легализация ёки апостиль талаб қилинмайди.

Хорижда тузилган никоҳни Ўзбекистонда эътироф этиш учун, қоида тариқасида, қайтадан никоҳдан ўтиш талаб этилмайди. Бироқ никоҳ ҳақидаги маълумотни давлат ахборот тизимларига киритиш ёки ҳужжатдан расмий фойдаланиш учун ФҲДЁ органига мурожаат қилиш зарурати туғилиши мумкин.

Тартиб Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16 ва 235-моддалари билан белгиланган.

Chat