Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15078 марта ўқилди

Ўзбекистон ҳудудида никоҳдан ажратиш

Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ўртасидаги, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон қонунчилиги бўйича амалга оширилади.

Эр-хотиннинг вояга етмаган умумий болалари ва мулкий низоси бўлмаса ҳамда иккаласи ажралишга рози бўлса, никоҳ ФҲДЁ органида бекор қилиниши мумкин. Болалар, мол-мулк, алимент ёки бошқа низо мавжуд бўлса, никоҳ суд тартибида бекор қилинади.

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаросининг ажрашиши

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароси хорижда яшаётган эри ёки хотини билан, унинг қайси давлат фуқароси эканидан қатъи назар, Ўзбекистон судида никоҳдан ажрашишга ҳақли.

Ўзбекистон қонунчилиги бўйича ФҲДЁ органида ажрашиш мумкин бўлган ҳолларда никоҳдан ажратиш Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Чет давлатда амалга оширилган ажралиш

Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижда ўша давлат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилган ажралиши Ўзбекистонда ҳақиқий деб эътироф этилади.

МДҲ мамлакати ёки бошқа чет давлат судининг қонуний кучга кирган қарори асосидаги ажралиш, агар халқаро шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, умумий тартибда ФҲДЁ органида қайд этилади. Қайд этишда белгиланган давлат божи ундирилади.

Муҳим! Чет давлат судининг ҳал қилув қарори мавжудлиги ФҲДЁда тегишли қайдни расмийлаштириш заруратини истисно этмайди.

Хорижий қарордан Ўзбекистонда фойдаланиш учун унинг қонуний кучга киргани тасдиқланиши, зарур ҳолларда легализация ёки апостиль ва давлат тилидаги таржима талаб этилиши мумкин.

Тартиб Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 236-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарори билан белгиланган.

Chat