Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22293 марта ўқилди

Кимлар имтиёзли дори олиш ҳуқуқига эга?

Амбулатория шароитида қуйидаги шахслар белгиланган рўйхатдаги дори воситалари билан бепул таъминланади:

  • онкологик, сил ва мохов касаллигига чалинганлар;
  • қандли ёки қандсиз диабет билан касалланганлар;
  • руҳий касалликларга чалинганлар ва ОИВни юқтирганлар;
  • юрак клапанини протезлаш ёки орган кўчириш операциясини ўтказганлар;
  • дастурли гемодиализ олувчи беморлар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар;
  • уруш даврида меҳнат фронтида қатнашганлар;
  • Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатишда қатнашган ногиронлиги бўлган шахслар;
  • байналмилалчи жангчилар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

Имтиёзли дори таъминоти — қонунда белгиланган шахсларга муайян дори воситаларини давлат соғлиқни сақлаш тизими орқали бепул бериш.

Дори воситаси қандай берилади?

Дори даволовчи шифокорнинг тайинловига мувофиқ амбулатория-поликлиника муассасаси орқали берилади. Муассасада зарур дори бўлмаса, шифокор уни имтиёзли дорихонадан бепул олиш учун махсус рецепт ёзади. Вояга етмаган беморнинг дориси ота-онасига ёки унинг ўрнини босувчи шахсга берилиши мумкин.

Рецепт олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Бемор, унинг ота-онаси, қонуний вакили ёки ҳолатига қараб қариндоши бемор ҳисобда турган ёки тиббий хизмат олиш учун бириктирилган поликлиникага мурожаат қилади.

Мурожаатда имтиёзли дори олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилади. Рецепт яшаш жойидаги даволовчи ёки умумий амалиёт шифокори томонидан ёзилади.

Қачон мутахассис тавсияси керак?

Айрим дори воситалари:

  • онколог ёки гематолог;
  • эндокринолог;
  • психиатр;
  • инфекционист;
  • фтизиатр тавсияси асосида ёзилади. Масалан, диабетга қарши дорилар учун эндокринолог, силга қарши дорилар учун фтизиатр тавсияси талаб қилинади.

Рецепт қанча муддат амал қилади?

Рецептда дори воситаси бир даволаш курсидан ортиқ бўлмаган миқдорда кўрсатилади.

Рецепт берилган кундан бошлаб бир ой давомида ҳақиқий ҳисобланади.

Рецептдаги дори дорихонада бўлмаса нима қилинади?

Рецептда савдо номи билан кўрсатилган дори мавжуд бўлмаса, дорихона бу ҳақда рецептга белги қўяди. Дори худди шу таъсир этувчи моддага эга бошқа савдо номидаги восита билан фақат янги рецепт асосида ва поликлиника раҳбари ёки унинг ўринбосари билан келишилган ҳолда алмаштирилиши мумкин.

Қайси дорилар бепул берилади?

Бепул бериладиган дориларнинг номи ва шакли Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган расмий рўйхат асосида белгиланади. Имтиёз муайян касаллик учун рўйхатга киритилган дорига нисбатан қўлланилади, барча дориларга эмас.

Chat