Ўзбекистон Республикасида фақат яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилишга йўл қўйилади.
Буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш реципиентга ўзининг жабрланган ва ҳаёт учун муҳим фаолиятини бажаролмасдан, унинг соғлиғига қайтариб бўлмайдиган асоратларга олиб келаётган буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ўрнига тирик яқин қариндошлар орасидан соғлом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини кўчириб ўтказиш мақсадида бажариладиган оператив амалиётдир.
Тирик яқин қариндош донорлар — қонунчилик асосида, ўзаро қариндош бўлган шахслар, яъни ота-оналар, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотинлар, фарзандлар (шу жумладан асраб олинганлар), бува ва бувилар, набиралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-оналари, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар бўлиши мумкин.
Донор ва реципиент орасидаги яқин қариндошлик алоқаларини исботловчи ҳужжатларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, паспорт, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, шунингдек қариндошлик ришталарини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар киради.
Яқин қариндошлик алоқаларини исботловчи ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи исботлар ҳақидаги мажбуриятлар донор ва реципиент зиммасига юкланади.
18 ёшга тўлмаган, белгиланган ҳолатда ўзини ўзи бошқаролмайдиган деб топилган, озодликдан маҳрум қилинган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар, наркомания, сурункали алкоголизм ва токсикоманиядан азоб чекаётган шахслардан трансплантация мақсадида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини олишга йўл қўйилмайди.