Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 45173 марта ўқилди

Қайси ўқувчилар ҳужжат топшириши мумкин?

Ихтисослаштирилган мактабларнинг:

  • аниқ фанлар йўналишига — 4-синфни тамомлаган ўқувчилар;
  • табиий фанлар йўналишига — 6-синфни тамомлаган ўқувчилар ҳужжат топширади.

Ўқувчи ўзи таълим олаётган мактаб жойлашган ҳудуддаги — Қорақалпоғистон Республикаси, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабни танлайди.

Ихтисослаштирилган мактаб — айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ва иқтидорли ўқувчилар танлов асосида қабул қилинадиган таълим муассасаси.

Ҳужжатлар қандай топширилади?

Ҳужжатлар Агентликнинг расмий веб-сайти орқали онлайн топширилади. Қуйидагилар киритилади:

  • тасдиқланган баҳолар табели;
  • охирги икки ойда тушган фотосурат;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома маълумотлари;
  • ота-она ёки қонуний вакилнинг паспорт маълумотлари;
  • телефон рақами.

Ҳужжатлар ишчи гуруҳ томонидан 24 соат ичида кўриб чиқилиб, қабул қилингани, таҳрирлашга юборилгани ёки рад этилгани ҳақида электрон хабар юборилади.

Қабул квотаси қанча?

Қабул параметрлари Агентлик томонидан белгиланади. Одатда бир синфдаги ўқувчилар сони 24 нафардан ошмайди.

Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларда эса ҳар бир синфга кўпи билан 20 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Имтиҳонлар қайси фанлардан ўтказилади?

Кириш имтиҳони бир босқичда тест шаклида ўтказилади. Фанлар мактаб йўналиши ва қабул қилинаётган синфга қараб белгиланади.

Масалан:

  • аниқ фанлар йўналишининг 5–7-синфлари учун — математика ва инглиз тили;
  • юқори синфлар учун — алгебра, геометрия, физика ва инглиз тили;
  • табиий фанлар йўналиши учун — табиий фан, биология, кимё ва инглиз тилидан тегишли тестлар берилади.

Имтиҳон ҳужжат топширилган мактабнинг таълим бериш тилида ўтказилади.

Кимлар имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин?

Белгиланган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи — вилоят босқичида математика, информатика, физика, кимё ёки биологиядан 1, 2 ёки 3-ўринни эгаллаган ўқувчилар тегишли йўналишда қабул квотаси доирасида имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин.

Натижа ва апелляция тартиби қандай?

Имтиҳон натижалари имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида Агентлик ва мактабларнинг расмий сайтларида эълон қилинади.

Натижадан норози ўқувчи 3 иш куни ичида апелляция бериши мумкин. Апелляция 10 кун ичида кўриб чиқилади.

Chat