Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30071 марта ўқилди

Кимларга уйда таълим ташкил этилади?

Уйда якка тартибда таълим:

  • жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсони бўлган;
  • узоқ вақт даволанишга муҳтож;
  • тиббий кўрсатмаларга кўра умумий мактаб ёки ихтисослаштирилган таълим муассасасига доимий ёхуд вақтинча қатнай олмайдиган болалар учун ташкил этилади.

Уйда якка тартибда таълим — соғлиғи сабабли мактабга қатнай олмайдиган ўқувчига яшаш жойида белгиланган ўқув режаси асосида таълим бериш шакли.

Тиббий хулоса қандай олинади?

Ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахс болани яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасининг тиббий-маслаҳат комиссияси кўригидан ўтказади.

Комиссияга:

  • касаллик тарихидан кўчирма;
  • махсус тиббиёт муассасасининг хулосаси;
  • зарур ҳолларда диагностика текширувлари натижалари тақдим этилади.

Тиббий кўрик мурожаат қилинган кундан бошлаб 3 кун ичида ўтказилади. Уйда таълим олиш учун асос мавжуд бўлса, тиббий хулоса 6 ойга ёки тўлиқ ўқув йилига берилади.

Тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси — боланинг соғлиғи сабабли мактабга қатнай олмаслиги ва уйда таълимга муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Қаерга ариза берилади?

Ота-она бола рўйхатда турган мактаб директори номига ариза беради.

Аризага:

  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
  • бола аввал таълим олган бўлса, баҳолар табели;
  • тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси илова қилинади.

Мактаб директори ҳужжатларни 3 кун ичида туман ёки шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига юборади. Ваколатли бўлим ҳам 3 кун ичида болани уйда таълимга жалб қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Мактаб директори буйруқни олгач, 3 кун ичида ўқитувчиларни бириктиради.

Дарслар қандай ташкил этилади?

Уйдаги таълим учун ҳафталик ўқув юкламаси:

  • 1–4-синфларда — 8 соат;
  • 5–9-синфларда — 10 соат;
  • 10–11-синфларда — 12 соат.

Дарс жадвали боланинг соғлиғи ҳисобга олиниб, ота-она билан келишилган ҳолда тузилади. Машғулотлар ҳафтасига камида 3 кунга тақсимланади. Зарур ҳолларда логопед, психолог, дефектолог ва бошқа мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Баҳолаш ва аттестация қандай ўтказилади?

Ўқувчининг баҳолари алоҳида баҳолаш дафтарига, синф журналига ёки электрон тизимга киритилади.

Босқичли назорат ва якуний давлат аттестацияси боланинг соғлиғига қараб:

  • унинг уйида;
  • ёки мактабда ўтказилиши мумкин.

Якуний аттестацияни муваффақиятли топширган ўқувчига давлат намунасидаги таълим ҳужжати берилади.

Уйда таълим қачон тўхтатилади?

Узоқ вақт даволаниш туфайли уйда ўқиётган болага таълим меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасида кўрсатилган муддат давомида ташкил этилади.

Ушбу муддат тугагач, мактаб директорининг буйруғи билан уйда таълим тўхтатилади ва ўқувчи тегишли синфга қайтарилади.

Chat