Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 145617 марта ўқилди

Мактабга кирганда телефон билан нима қилиш керак?

Мактабга кирган ҳар бир:

  • ўқувчи;
  • педагог ва бошқа ходим;
  • ташриф буюрувчи телефонни овозсиз режимга ўтказиши керак.

Дарс, тарбиявий соат, сафланиш, байрам ёки спорт тадбири бошланишидан олдин ўқувчи телефонни ўчириб, портфель ёки сумкасига солиб қўйиши шарт.

Овозсиз режим — телефон қўнғироқлари ва бошқа хабарлар атрофдагиларга овозли халақит бермайдиган ҳолат.

Дарс вақтида нималар тақиқланади?

Дарс ва тадбирлар вақтида:

  • қўнғироқ қилиш ва хабар юбориш;
  • телефонни стол устига қўйиш;
  • мусиқа ёки наушник орқали аудио тинглаш;
  • ўйин ўйнаш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш;
  • суратга, видеога ёки диктофонга ёзиб олиш;
  • телефонни калькулятор, луғат, блокнот ёки бошқа восита сифатида ишлатиш тақиқланади.

Телефонни мактаб электр тармоғига улаб зарядлаш, зўравонлик, шафқатсизлик ёки қонунга зид материалларни намойиш қилиш ҳам мумкин эмас.

Танаффусда телефондан фойдаланиш мумкинми?

Танаффус ёки тадбирлар оралиғида телефондан фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатда:

  • ота-она;
  • яқин қариндош;
  • мактаб раҳбари ёки ходими билан боғланиш учун фойдаланиш мумкин.

Сўзлашиш учун синфдан йўлак ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа гаплашиш лозим.

Фавқулодда вазиятда-чи?

Ёнғин, зилзила, соғлиққа хавф ёки бошқа фавқулодда вазиятда телефондан фойдаланиш чекланмайди.

Ўқитувчи ёки мактаб раҳбарияти ҳам таълим мақсадида телефондан фойдаланиш бўйича алоҳида кўрсатма бериши мумкин, бироқ бу умумий тақиқни ўзбошимчалик билан бекор қилмайди.

Ўқитувчилар телефондан фойдаланиши мумкинми?

Ўқитувчилар ва бошқа ходимлар:

  • дарс вақтида шахсий телефондан фойдаланмаслиги;
  • дарсдан ташқари вақтда ўқувчилар олдида телефондан фойдаланишни имкон қадар чеклаши керак.

Қоида бузилса қандай чора кўрилади?

Ўқувчига нисбатан:

  • огоҳлантириш;
  • кундаликка қайд киритиш;
  • ота-онани хабардор қилиш;
  • ота-онани тушунтириш суҳбати учун мактабга чақириш чоралари қўлланиши мумкин.

Педагог қоида бузилганда телефонни вақтинча олиб қўйиши, билдиришнома расмийлаштириши ва уни директор ёки директор ўринбосарига топшириши мумкин. Телефон фақат ота-онага ёки унинг ўрнини босувчи шахсга қайтарилади.

Телефон йўқолса ким жавоб беради?

Телефон одатда унинг эгаси ва ота-она масъулиятида бўлади. Мактаб телефоннинг умумий сақланиши учун жавобгар эмас.

Бироқ телефон қоида бузилгани учун расман олиб қўйилган пайтдан бошлаб унинг сақланиши учун мактаб маъмурияти жавоб беради.

Chat