Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 32810 марта ўқилди

Никоҳ тузиш

Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.

Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Ўзбекистон фуқароси ва чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳни қайд этиш агар чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Никоҳни қайд этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • илгари никоҳда бўлган шахслар эса, аввалги никоҳ тугатилганлиги ҳақидаги ҳужжат.

Никоҳ қайд этилганлдан кейин никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Бир вақтда шахсни тасдиқловчи ҳужжатига никоҳ қайд этилганлиги тўғрисида белги қўйилади.

Никоҳни ҳақиқий ва ҳақиқий эмас деб топиш

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонун ҳужжатларига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар Ўзбекистонда ҳақиқий деб эътироф этилади.

Чет эл фуқаролари ўртасида Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида никоҳ қайд этилган давлат қонунчилигига мувофиқ тузилган никоҳи Ўзбекистонда ҳақиқий деб топилади.

Никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади
  • никоҳ ихтиёрийлик асосида тузилмаган бўлса;
  • никоҳнинг белгиланган ёши (18 ёш, эмансипация ҳолати бундан мустано) бузилганда;
  • лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
  • насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
  • лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида;
  • сохта никоҳ, эр ёки хотиннинг оила қуриш мақсадларисиз никоҳни қайд эттириши;
  • никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.
.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақатгина суд тартибида амалга оширилади.

Никоҳдан ажратиш

Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.

Никоҳдан эр-хотиннинг розилиги асосида ажратиш

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда никоҳдан ажралишда ариза берувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига берган аризаларида ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлигини тасдиқлашлари шарт.
Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ариза берилган кундан бошлаб 3 ой муддат ўтгач қайд этилади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Эр-хотиндан бирининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш:

ФҲДЁ органига қуйидагилар тақдим этилади:

  • эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори;
  • эр (хотин) уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхат.

Никоҳдан суд тартибида ажратиш

Никоҳ қуйидаги масалалар бўйича низо бўлган ҳолларда суд тартибида бекор қилинади:

  • болалар ҳақида;
  • эр-хотиннинг умумий мулки бўлган ашёларни бўлиш ҳақида;
  • меҳнатга лаёқатсиз турмуш ўртоғини сақлаш харажатларини тўлаш ҳақида.

Ушбу масалалр бўйича тарафлар ўртасида келишув бўлмаганда суд қуйидагиларни ҳал қилади:

  • никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;
  • вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;
  • эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;
  • эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади. 

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.

Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи

Чет эл фуқаролари Ўзбекистон судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.

Судга қуйидаги шаклларда мурожаат қилинади:
  • даъво ариза – фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича;
  • ариза –суд буйруғи шаклида кўриладиган алоҳида суд муҳокамаси бўйича;
  • шикоят (протест) – судга аппеляция ва кассация тартибида мурожаат қилинганда.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин.

Ўзбекистонда фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, судда она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.

Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб ёзма ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.

Чет эл фуқаролари ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин.

Чет эл фуқаросининг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари
  • иш материаллари билан танишиш;
  • улардан кўчирмалар олиш;
  • нусхалар кўчириш;
  • рад этиш тўғрисида арз қилиш;
  • далиллар тақдим этиш;
  • далилларни текширишда иштирок этиш;
  • ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш;
  • арз қилиш;
  • илтимосномалар тақдим этиш;
  • судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;
  • суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш;
  • бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш;
  • суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш;
  • суд ҳужжатларининг мажбурий ижросини талаб қилиш;
  • давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар содир этилишида ҳозир бўлиш.

Тарафлар процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.

 

" source-info="

Даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга ҳақлидирлар.

Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

Суд харажатлари

Суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат бўлади.

Chat