Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 38875 марта ўқилди

Битимлар ва мулкий ҳуқуқларга оид ҳаракатлар

Нотариуслар:

  • битимларни тасдиқлайди;
  • васиятномаларни тасдиқлайди;
  • эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради;
  • меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;
  • мерос мол-мулкни муҳофаза қилиш чораларини кўради;
  • очиқ кимошди савдосида кўчмас мулк сотиб олинганлигини тасдиқлайди;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда медиатор вазифасини бажаради.

Ҳужжатлар, имзо ва юридик фактларни тасдиқлаш

Нотариуслар:

  • ҳужжат нусхалари ва улардан кўчирмаларнинг тўғрилигини тасдиқлайди;
  • ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини тасдиқлайди;
  • ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди;
  • шахснинг тирик эканлиги ёки муайян жойда турганлиги фактини тасдиқлайди;
  • фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;
  • ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;
  • муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;
  • юридик шахс бошқарув органи қарорини қабул қилиш фактини тасдиқлайди;
  • келгусида суд ёки бошқа органга тақдим этилиши мумкин бўлган далилларни таъминлайди.

Электрон ва қоғоз ҳужжатлар

Нотариус қонунчиликда белгиланган ҳолларда нотариал тасдиқланган ариза, ижара шартномаси ёки ишончноманинг электрон шакли қоғоздаги ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқлаши мумкин.

Муҳим: нотариус тасдиқлаган электрон шакл тегишли қоғоз ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга. Бироқ бу тартиб шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш битимларига нисбатан қўлланилмайди.

Пул, қимматли қоғозлар ва ижро ҳаракатлари

Нотариуслар:

  • пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилади;
  • ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилади;
  • чекларни тўловга тақдим этади ва чеклар тўланмаганлигини тасдиқлайди;
  • қонунчиликда назарда тутилган талаблар бўйича ижро хатларини ёзади;
  • векселларга протест келтиради;
  • денгиз протестларини амалга оширади;
  • нотариал ҳужжатларнинг дубликатларини ва реестрдан кўчирмаларни беради;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ёки бошқа ҳужжатларини бошқа шахсларга топширади.

Нотариал ҳаракатларнинг тўлиқ тартиби «Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланади.

Нотариал ҳаракатни рад этиш

Нотариус, жумладан, ҳаракат қонунга зид бўлса, мурожаат қилувчида зарур ваколат бўлмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик талабларига жавоб бермаса, нотариал ҳаракатни рад этади.

Рад этиш ҳақидаги қарор мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан чиқарилади. Манфаатдор шахс қарор устидан нотариал идора жойлашган ердаги судга шикоят қилиши мумкин.

Chat