Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15849 марта ўқилди

Далилларни таъминлашнинг мақсади

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда далилни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолиши ёки қийинлашиши мумкин бўлса, манфаатдор шахс нотариусдан далилни олдиндан қайд этиш ва сақлашни сўраши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра нотариус далилларни судга мурожаат қилишдан олдин ҳам, суд жараёни давомида ҳам таъминлаши мумкин.

Нотариус таъминлайдиган далиллар

«Нотариат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ нотариус:

  • гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олади;
  • ашёвий далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради;
  • ёзма далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради;
  • рақамли далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради;
  • экспертиза тайинлайди;
  • Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги фактларни тасдиқлайди.

Ариза бериш

Манфаатдор шахс нотариусга ёзма ариза беради. Аризада:

  • таъминланиши керак бўлган далил;
  • у тасдиқлайдиган ҳолат;
  • эҳтимолий ёки кўрилаётган низо;
  • далилни кейинчалик тақдим этиш қийинлашиши сабаби;
  • далил турган жой ёки Интернет манзили кўрсатилади.

Ариза нотариусга далиллардан нусха олиш, уларни ёзиб олиш, тўплаш ва сақлаш учун асос бўлади.

Тарафларни хабардор қилиш

Нотариус далилларни таъминлаш билан боғлиқ шахсларни ҳаракат ўтказиладиган жой ва вақт ҳақида хабардор қилади.

Далилни таъминлаш жараёни баённома билан расмийлаштирилади. Унда исботланиши керак бўлган ҳолат, далилнинг мазмуни, аризачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда нотариус амалга оширган ҳаракатлар кўрсатилади.

Далилларни таъминлаш доирасида амалга оширилган ҳар бир ҳаракат баённомада қайд этилади ва унда камида икки нафар холис иштирок этади.

Гувоҳ ва экспертиза

Гувоҳ келгусидаги суд жараёнида иштирок эта олмаслиги, саломатлиги оғир бўлиши ва нотариус томонидан сўров қилинишига рози бўлиши ҳолларида унинг кўрсатувлари олдиндан ёзиб олиниши мумкин.

Махсус билим талаб этилса, нотариус экспертиза тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади. Қарор бир иш кунидан кечиктирмай тегишли эксперт ташкилоти ёки мутахассисга юборилади.

Гувоҳ ва эксперт ёлғон кўрсатув ёки ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилади.

Интернетдаги фактларни тасдиқлаш

Нотариус, жумладан, қуйидаги ҳолатларда веб-сайт ёки веб-саҳифадаги маълумотларни қайд этиши мумкин:

  • доменни ноқонуний эгаллаб олиш;
  • муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган матн, аудио ёки видеони ўзлаштириш;
  • товар ёки хизмат кўрсатиш белгисидан ноқонуний фойдаланиш;
  • қонунчиликка зид реклама жойлаштириш;
  • шаън, қадр-қиммат ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш.

Аризада веб-сайт ёки веб-саҳифанинг аниқ манзили кўрсатилиши керак. Нотариус саҳифани кўздан кечиради, маълумотларни қоғозда чоп этади ва уларни баённомага илова қилади.

Муҳим! Интернетдаги маълумот ўчирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин. Шу сабабли ҳуқуқ бузилиши аниқланганда далилни кечиктирмасдан таъминлаш мақсадга мувофиқ.

Далилларни таъминлаш тартиби Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада белгиланган.

Chat