Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 101426 марта ўқилди

Кимлар магистратурага ҳужжат топширади

Магистратурага тегишли бакалавриат таълим йўналишини ёки Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган турдош бакалавриат йўналишини тамомлаган шахслар ҳужжат топшириши мумкин.

Турдош таълим йўналишлари рўйхати ҳар йили 1 июлга қадар тасдиқланади ва эълон қилинади.

Ҳужжат топшириш

Абитуриентлар магистратурага 1 июлдан 30 июлга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг электрон платформаси ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтади.

Электрон шаклда:

— олий маълумот ҳақидаги диплом ва унинг иловаси;

— белгиланган даражадаги хорижий тил сертификати;

— имтиёз мавжуд бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб берилган диплом маълумотлари HEMIS тизимида мавжуд бўлса, диплом ва унинг иловасини қайта юклаш талаб этилмайди.

Хорижий тил сертификати

Сертификат даражаси таълим соҳасига қараб фарқ қилади:

— хорижий тиллар йўналишлари — камида C1;

— гуманитар, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув, ижтимоий фанлар, журналистика, АКТ, математика ва статистика ҳамда белгиланган бошқа соҳалар — камида B2;

— бошқа таълим соҳалари, шунингдек маданият ва спорт мутахассисликлари — камида B1.

Турдош таълим йўналиши — мазмун ва касбий тайёргарлик жиҳатидан муайян магистратура мутахассислигига мос деб белгиланган бакалавриат йўналиши.

Танлов қандай ўтказилади

Умумий тартибда магистратурага алоҳида махсус фан ёки хорижий тилдан кириш имтиҳони ўтказилмайди.

Қабул давлат гранти ва тўлов-контракт асосида бакалавриат дипломидаги ўртача балл рейтинги бўйича амалга оширилади.

Энг юқори кўрсаткичга эга абитуриентлар аввало давлат гранти ўринларига, кейинги натижалар эса белгиланган контракт ўринларига танловда иштирок этади. Танлов ҳар бир ОТМ, магистратура мутахассислиги, таълим тили ва шакли бўйича алоҳида ўтказилади.

Қабул натижалари

Қабул комиссияси ҳужжатларни текширади ва абитуриент ариза ҳолатини электрон шахсий кабинети орқали кузатиб боради.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратурага қабул натижаларини ҳар йили 20 августга қадар Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.

Айрим тоифалар учун қонунчиликда қўшимча давлат гранти ёки танловдан ташқари қабул қилиш имтиёзлари алоҳида белгиланиши мумкин.

Chat