Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 36282 марта ўқилди

Қозоғистон Республикасидаги олийгохда ўқийман. Ўзбекистонга ўқишимни қўчириш масаласи бўйича мурожаат қилиш муддатлари қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлар (Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон)даги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишини Республикамиз олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича аризалар 7 феврадан 15 февралгача қабул қилиниши белгиланган. Россия Федерацияси, Украина бошқа МДҲ давлатлари, хорижий давлатларда таҳсил олаётган талабалар амалдаги тартибга кўра, худудий ишчи гуруҳларга 2020 йилнинг 15 июлдан 5 августга қадар мурожаат қилиши мумкин.

Мактабларда дафтар текшириш, синф раҳбарлиги учун пул тўланмайди дейишди. Шу маълумотга аниқлик киритиб берсангиз?

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232-сон қарорига асосан 2020 йил 16 апрелдан бошлаб 1 октябрга қадар умумтаълим муассасаларида фақат директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб келган барча тўловлар ҳисобланиши тўхтатилади.

✅ Бунда директор жамғармаси ҳисобидан амалга оширилмайдиган, жумладан, тоифалар бўйича базавий тариф ставкалар, чет тили ўқитувчилари учун устама, дафтар текшириш ва информатика кабинети мудирлиги (меҳнат таътилидан ташқари бўлган ёзги ўқув таътили даври бундан мустасно), синф раҳбарлиги учун қўшимча тўловлар, ихтисослашган мактаблардаги ходимларга белгиланадиган устамалар, олис ҳудудларга бориб ишлаётганлиги учун устама ва бошқа тўловлар сақланади.

Мактабга қабул қилиш ёши қандай?

✅ Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига 6–7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

✅ Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан мазкур умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқиш учун жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, Олий таълим муассасаси томонидан имтиёз бериш назарда тутиладими?

✅ Тўлов–контракт асосида ўқиш ихтиёрий бўлиб, тегишли меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатларда мазкур тоифадаги талабаларга олий таълим муассасаси томонидан тўлов шартларини енгиллаштириш бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмаган.

Лекин, ҳозирги кунда талабалар тўлов – контракт асосида ўқиши учун Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги 318-сонли қарорига асосан банк муассасалари томонидан тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларга “таълим кредит”лари ажратилмоқда.

Ушбу қарорнинг 3-бандига асосан:

  • чин этимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслари учун – фоизсиз таълим кредитлари берилади;
  • кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан “Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғарма”си маблағлари ҳисобидан тўланади.

Талабаларни турар жойларга жойлаштириш қай тарзда амалга оширилади?

✅ Талабаларни турар жойларига жойлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 17 январдаги “Талаба(ўқувчи)лар турар жойи фаолиятига оид янги таҳрирдаги меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 11-сонли буйруғи талаблари асосида амалга оширилади. Бу борада янада тўлиқ маълумотларга эга бўлиш истаги бўлган ёшлар олий таълим муассасаси раҳбариятига мурожаат этишлари мумкин.

Хорижий фуқароларни таълим муассасаларига қабул қилиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикасида хорижий фуқароларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш:

а) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дастлабки экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиладиган жамоавий ва шахсий шартномалар ҳамда контрактлар (шу жумладан, келиш мақсадларидан қатъи назар республикага ҳақиқий визалар бўйича келган хорижий фуқаролар билан тузилган) асосида амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга хорижий фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига олий таълим муассасаси томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра қабул қилинади.

Талаба қандай ҳолларда ўқишдан четлаштирилади?

а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;
д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
з) суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда;
и) вафот этганлиги сабабли ушбу ҳаволага ўтинг.

 

Chat