Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35291 марта ўқилди

Болалар нафақаси неча ёшгача берилади?
  • Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
  • Моддий ёрдам бола(болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.
  • Агар бир оилада туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар эгизак бўлса, уларнинг бири ёши 3 ёшгача бўлган кичик бола, кейингилари мос равишда иккинчи, учинчи ёки тўртинчи ҳисобланади.
  • «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар (шахслар) қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан, қонунчилик ҳужжатларида ушбу тоифадаги оилалар (шахслар)га белгиланган тартибда бепул ёки имтиёзли шартларда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлардан фойдаланишга ҳақлидир.
  • Бунда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган хизматлардан фойдаланиш ва имтиёзларни олиш учун «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила (шахс)га Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 3 дақиқа ичида маълумотнома тақдим этилади. Ушбу маълумотнома оила (шахс) «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган ойдан бошлаб ўн икки ой давомида амал қилади.
  • Агар битта оила сўнгги 12 ой давомида кетма-кет «Ягона реестр» АТ орқали бир неча маротаба кам таъминланган деб эътироф этилган бўлса, бунда маълумотноманинг амал қилиш муддати ушбу оила охирги маротаба кам таъминланган деб эътироф этилган ойдан бошланади.
  • Оила (шахс) «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома Низомнинг 1а-иловага мувофиқ схема бўйича тақдим этилади.

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича тайинланади ва тўланади.

  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади ва рўйхатга олинади.
  • Ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан махсус рўйхатга олиш дафтарида қайд этилади, бунда аризанинг берилган санаси, ариза берувчининг исми, фамилияси, отасининг исми ва яшаш манзили кўрсатилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  1. ариза берувчи ва оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олинибасли аризачига қайтарилади);
  2. чет эл фуқароларифуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
  3. болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси илова қилинади;
  4. оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида Низомнинг 3а-иловасига мувофиқ шакл бўйича маълумот;
  5. ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган Низомнинг 3б-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон сўров юборилган кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган (тўлиқ) миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда ҳисобга олинади.

2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам миқдорлари:

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

  • 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун;
  • 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
  • 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
  • 100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.

Болалар нафақаси тайинланган оилада болалар сони ўзгарган тақдирда (навбатдаги бола туғилганда, 18 ёшгача болалардан бири вафот этганда, бола (болалар) 3 ёшга ва 18 ёшга тўлганда ва шу кабилар), болалар нафақаси миқдори болаларнинг тегишли сонидан келиб чиқиб, кейинги ойдан бошлаб қайта ҳисобланади.

Қайси тоифадаги шахслар хусусий пуллик тиббиёт муассасаларида тиббий хизматни бепул олишлари мумкин?

Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) бепул тиббий хизматлар кўрсатилади:

  1. ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
  2. I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
  3. муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
  4. ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
  5. етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  6. 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
  7. 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
  8. қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.

Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларининг мавжудлиги асос бўлади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияда кўрсатилган ихтисосликлар доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Асоссиз рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига (1003) мурожаат қилишингиз мумкин.

  • Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш тартиби.
  • Санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш тартиби.
  • Ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзлар.
  • Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиш учун ҳаволага ўтинг ёки ишонч телефони 1003.

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар имтиёзли шартларда тиббий ёрдам олиши мумкинми?

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати сектор ишчи гуруҳи томонидан аниқланганда, уларнинг саломатлиги ҳудудий бирламчи тиббий — санитария муассасасидан шифокор жалб қилинган ҳолда баҳоланади.

  • Ўрганиш натижасига кўра тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати тиббиёт ходими томонидан аниқланганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий — санитария муассасасига йўналтирилади ва стационар ёки амбулатор даволаниш масаласи ҳал этилади.
  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирмайдиган, аммо бирламчи тиббий — санитария муассасаси томонидан вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларининг даволаниши билан боғлиқ бўлган харажатлар, секторлар раҳбарлари хулосасига асосан «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандлари белгиланган тартибда электрон навбатга қўйилиши таъминланади.

  • Ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг вояга етмаган фарзандларига даволаш, дори воситаларини олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ва сектор раҳбари хулосалари билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

  • Бунда дори-дармон олиб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача (6 млн. сўм) ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдордаги (100 млн. сўм) харажатлар «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки сурункали касалликларга чалинган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ва (ёки) уларнинг вояга етмаган фарзандларининг, шунингдек, лозим бўлганда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида жойлашган тиббий муассасаларга даволаниш учун бориш-келиш йўл харажатлари секторлар раҳбарлари хулосасига асосан «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади.

Бунда хотин-қизлар йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этади.

Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, йўлкирага ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 фоизи (240 сўм) миқдорида амалга оширилади.

Беморни махсус транспорт воситасида тиббий муассасага етказиш лозим бўлган тақдирда, йўл харажатларини тўлаб бериш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси олинади.

Ҳозирда 58 ёшдаман ишлаётган корхонам тугатилганлиги муносабати билан ишсиз қолганман. Мен ушбу ёшимда ҳам ёшга доир пенсияга муддатидан олдин чиқишим мумкинми?

Жавоб: “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:

  • эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;
  • аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

2018 йилда ажрашганман. Никоҳ давомида олинган мол-мулк йуқ. 2016 йилда отам менга ҳадя қилган Ласетти русумли автомашина бор. Собиқ турмуш ўртоғим ўша автомашинадан улуш талаб киляпти. Уни ҳаққи борми?

Оила Кодексининг 25-моддасига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан хар бирини ўз шахсий мулки ҳисобланади. Шунга кўра, турмуш ўртоғинингиз машинадан улуш талаб қила олмайди.

1991-2016 йилларда турли завод ва фабрикаларда ишлаган вақтимда фамилиям ҳар хил тушиб қолганлиги сабабли, туман пенсия жамғармаси томонидан менга пенсия тайинлаш рад этилди. Мен кимга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Фуқаролик ишлари бўйича туман судига юридик фактни белгилаш буйича ариза киритиш мумкин. Аризага куйидаги хужжатларни илова килишингиз керак: паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ гувоҳномаси нусҳалари; архив маълумотномаси (стаж), гувоҳлик берувчиларни тушунтириш хатлари, гувоҳлик берувчиларни паспорт нусхалари, пенсия тайинлаш рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома, ДХМ маълумотномаси, давлат божи ва почта харажатлари учун тўлов.

Никоҳни бекор қилиш учун судда давлат божи кимдан ундирилади?

Жавоб: Давлат божи никоҳдан ажратишни сўраб судга ариза топширган томондан, агар эр-хотин биргаликда никоҳдан ажратиш ҳақида судга ариза ёзган бўлса, ўзаро келишган ҳолда томонларнинг биридан ундирилади.

Давлат божи суммаси БҲМнинг 2 баравари миқдорида, такрорий никоҳни бекор қилиш учун эса БҲМнинг 4 баравари миқдорида ундирилади.

Chat