Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 43627 марта ўқилди

Сифатли ноозиқ-овқат товарини қайтариш мумкинми?

Ҳа. Мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида айни шундай товарга алмаштириш мумкин.

Агар тегишли товар сотувда бўлмаса, истеъмолчи тўланган пулни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Товар ишлатилмаган, товар кўриниши ва истеъмол хусусиятлари сақланган бўлиши керак. Қайтарилмайдиган товарларнинг махсус рўйхати бундан мустасно.

Истеъмолчи судга мурожаат қилса давлат божи тўлайдими?

Истеъмолчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинган.

Даъво қонунчиликда белгиланган тегишли судлов қоидалари бўйича берилади.

Онлайн олинган телефон рекламадан фарқ қилса нима қилиш мумкин?

Агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли бўлмаган маълумот берилгани натижасида истеъмолчи керакли хусусиятларга эга бўлмаган товарни сотиб олган бўлса, у:

  • шартномани бекор қилиш;
  • пулни қайтариш;
  • етказилган зарарни қоплаш талабларини қўйиши мумкин.

Кафолатдаги товар қанча вақтда таъмирланиши керак?

Кафолат муддати давомида аниқланган нуқсон:

  • сотувчи томонидан — талаб қўйилганидан бошлаб 20 кун ичида;
  • ишлаб чиқарувчи томонидан — 10 кун ичида бепул бартараф этилиши лозим.

Кафолат муддати белгиланмаган бўлса-чи?

Агар товар учун кафолат ёки яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, нуқсонли товар бўйича қонунда назарда тутилган талаблар, қоида тариқасида, товар харид қилинганидан бошлаб 6 ой ичида қўйилиши мумкин.

Бу муддатни мақбул сифатли товарни 10 кун ичида алмаштириш қоидаси билан адаштирмаслик керак.

Маънавий зарарни ҳам талаб қилиш мумкинми?

Ҳа. Истеъмолчи ҳуқуқининг бузилиши натижасида маънавий зарар етказилган бўлса, уни қоплаш талаб қилиниши мумкин.

Компенсация миқдорини суд белгилайди ва у мулкий зарар қопланган-қопланмаганидан қатъи назар ундирилиши мумкин.

Chat