Пенсия тайинлашда иш стажи
Иш стажи — пенсия тайинлаш ва унинг миқдорини ҳисоблашда қонунчиликка мувофиқ инобатга олинадиган меҳнат фаолияти ва бошқа даврлар йиғиндиси.
Меҳнат фаолияти иш стажига қачон қўшилади?
Қуйидаги даврлар иш стажига қўшиб ҳисобланади:
- 2019 йил 1 январга қадар — ходим давлат ижтимоий суғуртасига жалб этилган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган меҳнат фаолияти;
- 2019 йил 1 январдан кейин — меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланган иш даври;
- якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик, деҳқон хўжалиги, ўзини ўзи банд қилиш фаолияти — белгиланган тартибда суғурта бадали, ягона ижтимоий тўлов ёки ижтимоий солиқ тўланган бўлса;
- ҳарбий хизмат, Миллий гвардия, ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органларидаги хизмат;
- ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, махсус алоқа ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
- жазони ижро этиш муассасасида бажарилган иш — ушбу давр учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса.
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган даврлар
Қуйидаги даврлар ҳам иш стажига қўшилиши мумкин:
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни парваришлаш;
- 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болани парваришлаш;
- ўзгалар парваришига муҳтож 80 ёшга тўлган кексани парваришлаш;
- олий таълим муассасаси, аспирантура, докторантура ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;
- бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш — барча болалар бўйича жами кўпи билан 6 йил;
- ҳарбий хизматчилар хотинларининг уларни ишга жойлаштириш имкони бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган даври — кўпи билан 10 йил;
- дипломатик ваколатхона ва консуллик ходими эри ёки хотинининг чет элда бўлган даври — кўпи билан 10 йил.
7 йиллик иш стажи шарти
Парваришлаш, кундузги ўқиш, болани парваришлаш таътили ва юқоридаги бошқа меҳнат билан боғлиқ бўлмаган даврлар иш стажига қўшилиши учун шахснинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ камида 7 йиллик умумий иш стажи бўлиши керак.
Ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқароларга ушбу 7 йиллик талаб қўлланилмайди.
Пенсия тайинланганидан кейинги иш даври
I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин ишланган вақт иш стажига қўшилади.
Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт, қоида тариқасида, пенсияни ҳисоблаш учун стажга қўшилмайди.
Бундан проактив тарзда тайинланган ёшга доир пенсияни рад этиб, ишлашни давом эттирган фуқаролар мустасно.
Иш стажини имтиёзли ҳисоблаш
Қонунчиликда белгиланган айрим даврлар:
- уч ҳисса;
- икки ҳисса;
- бир ярим ҳисса миқдорида иш стажига қўшиб ҳисобланиши мумкин.
Жумладан, жанговар ҳаракатлардаги хизмат, 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, айрим тиббиёт муассасаларидаги фаолият ва кейинчалик оқланган шахсларнинг қамоқда бўлган даври имтиёзли ҳисобланади.