Қўмита қандай орган?
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси — рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги монополияга қарши республика органи.
Қўмита ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис Сенатига ҳисобдор ҳамда ўз ваколатларини бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил амалга оширади.
Қўмитанинг асосий вазифалари нималардан иборат?
Қўмита, жумладан:
- товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат муҳитини таъминлайди;
- картель келишувлари, тил бириктириш ва инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлайди;
- устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўяди;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолайди;
- танлов ва тендерлар, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тартибга солади;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;
- асоссиз нарх ошиши ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига қарши чоралар кўради.
Истеъмолчи қандай масалалар бўйича мурожаат қилиши мумкин?
Истеъмолчи:
- сифатсиз товар ёки хизмат;
- шартнома шартларининг бажарилмаслиги;
- асоссиз тўлов ёки ҳисоб-китоб;
- нотўғри ёки етарли бўлмаган маълумот;
- реклама қонунчилиги бузилиши;
- савдо ва хизмат кўрсатишда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Қўмитага мурожаат қилиши мумкин.
Қўмита истеъмолчилар мурожаатлари бўйича ҳолатни ўрганади, қонунбузилиш аниқланганда ваколати доирасида чоралар кўради ва зарур ҳолларда судга ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Қўмита билан қандай боғланиш мумкин?
Қўмитанинг манзили: 100128, Тошкент шаҳри, Лабзак кўчаси, 3-уй.
Алоқа рақамлари:
- Қўмитанинг ягона рақами — 71 207-47-00;
- жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бўйича Call-марказ — 71 207-48-00 (1159).
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритади.