Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 32377 марта ўқилди

Якка меҳнат низолари — бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонун ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўлланиш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

Якка меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органлар
  • меҳнат низолари комиссиялари томонидан;
  • туман (шаҳар) судлари томонидан.

Қуйидаги низолар фақат суд томонидан кўриб чиқилади:

  • иш жойда меҳнат низолари комиссияси бўлмаса;
  • низо ишга тиклаш, меҳнат шартномасини бекор қилиш вақти ва асосларини ўзгартириш тўғрисида бўлса;
  • мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлашга доир бўлса;
  • ходим томонидан иш берувчига ёки иш берувчи томонидан ходимга етказилган зарарни тўлаш ҳақида бўлса;
  • ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга оид бўлса;
  • низо иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб ҳал этилган масала юзасидан келиб чиққан бўлса.

Меҳнат низолари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.

Меҳнат низолари комиссиялари
  • Меҳнат низолари комиссиялари, уларнинг таркиби ва ваколат муддати иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга асосан ташкилотда тузилади.
  • Комиссияга касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчининг вакиллари киритилади.
  • Меҳнат низолари комиссиясининг қарори далиллар билан исботланган ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнат шартномасига асосланган бўлиши керак.
  • Комиссиянинг пул ундиришга оид қарорида ходимга тегишли сумма аниқ кўрсатилиши лозим.
  • Қарор мажлис раиси ва котиби томонидан имзолангандан кучга киради.
  • Комиссия қарорининг нусхаси қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ходимга, иш берувчига ва касаба уюшмаси қўмитасига топширилади.

Судга мурожаат қилиш

Ходим шахсан ўзи ёки қуйидаги органлар орқали меҳнат низоси бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар:

  • касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи;
  • меҳнатнинг ҳуқуқ бўйича инспектори;
  • прокурор.

Иш берувчи ҳам меҳнат низолари комиссиясининг қароридан норози бўлса, шунингдек унга етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низо бўйича судга мурожаат қилиши мумкин. 

Низо бўйича мурожаат қилиш муддати

Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

  1. ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга тегишли буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой;
  2. иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низо бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб 1 йил;
  3. бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой.

  • Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.
  • Мазкур муддатлар ўтган бўлса ҳам ходим судга мурожаат қилиши мумкин. Судлар томонидан муддат ўтганлиги туфайли  аризани қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
  • Суд муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топган тақдирда, бу муддатларни тиклаши мумкин.
  • Ходимлар меҳнатга доир низолар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўламайди.

Меҳнат низоларига оид қарорлар ижроси

Қуйидагилар бўйича меҳнат низоларини кўриб чиққан органнинг қарори дарҳол ижро этилиши шарт:

  • ходимни ишга тиклаш;
  • бошқа ишга ўтказилган ходимни ўз жойига қайтариш;
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини ўзгартириш;
  • 3 ойдан кўп бўлмаган муддат учун иш ҳақини тўлаш.

Ходимни ишга тиклаш ёки ўз жойига қайтариш ҳақидаги қарор ижроси кечиктирилган тақдирда, қарорни қабул қилган орган томонидан қарор ижроси кечиктирилган барча вақт учун ўртача иш ҳақи ёки иш ҳақидаги фарқни тўлаш ҳақидаги қарор чиқарилади.

Пул ундиришга доир талабларни кўриб чиқиш

Низо келиб чиққан тақдирда, суд ёки якка меҳнат комиссиялари ходимнинг пул ундиришга доир қуйидаги талабларини тўлиқ қондиради:

  • ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;
  • ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарорни иш берувчи ижро этмаганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;
  • фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни тўлаш тўғрисидаги.

Ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги, бошқа ишга ўтказилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимнинг пул ундиришга доир талаблари 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади.

Ходимнинг пул ундиришга доир бошқа талаблари 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади.

Chat