Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15625 марта ўқилди

 

Тижорат ташкилотлари фаолиятини ҳаракатсиз деб топиш учун қуйидагилар асос бўлади: 

  • 9 ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига пул маблағлари тушмаганлиги;
  • 9 ой мобайнида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги.

Бундай ҳолатларда, тижорат банклари уч иш куни ичида у ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига Тизим орқали  маълумот тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органи тижорат банкларидан маълумот тушгач ёки ҳисобот топшириш муддати тугагач 3 иш куни мобайнида қуйидаги органларни хабардор этиши керак:

  • рўйхатдан ўтказувчи орган ва рўйхатдан ўтган жойдаги давлат статистика органларини;
  • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимини;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органни;
  • автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва рўйхатдан ўтказиладиган бошқа техника воситаларини рўйхатдан ўтказувчи органларни;
  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини хабардор қилади.

Давлат солиқ хизмати органи юридик шахсларга нисбатан қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади
  1. тижорат ташкилоти ҳақиқатда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлигини;
  2. мол-мулки мавжудлигини;
  3. юридик ва фаолият кўрсатиш манзилида мавжудлигини;
  4. тижорат ташкилотининг барча қарздорликлари (2-сон картотекаси) таҳлилини;
  5. солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжудлигини;
  6. муассисларининг (қатнашчиларининг) турар жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб қилиш чораларини кўради;
  7. молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотлари муассисларига тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатишни таклиф этади. 
  8. йиғилган ва мавжуд маълумотлар асосида тижорат ташкилотининг фаолиятини камерал солиқ текширувидан ўтказади.

Тижорат ташкилотининг солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликлари аниқланмаган, мол-мулки мавжуд бўлмаган, тижорат ташкилоти муассисларини (қатнашчиларини), уларнинг вакиллари ва раҳбарини тугатиш жараёнига жалб этиш имкони бўлмаганда, давлат солиқ хизмати органлари Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга 10 иш кунида тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш тўғрисида тақдимнома юборади.

Тижорат ташкилотлари ҳаракатсиз ҳолатида сақланишига уч йил тўлганда рўйхатдан ўтказувчи орган:

  • ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тижорат ташкилотлари фаолияти тикланмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда 3 иш кунида давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда давлат реестрига тегишли ёзув киритади;
  • давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳамда товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани (агар мавжуд бўлса) бекор қилади. Агар уларни топиш имкони мавжуд бўлмаса, 3 иш кунида бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар рўйхатга олиш органи веб-сайтида эълон қилинади;
  • тижорат банклари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига тижорат ташкилоти давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисида Тизим орқали хабарнома юборади.
Chat