Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 385884 марта ўқилди

67 475 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди

«Аёллар дафтари» нима?

«Аёллар дафтари» — ижтимоий, иқтисодий, тиббий, психологик ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва кўрсатилаётган ёрдамни назорат қилишга мўлжалланган ахборот тизими.

«Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган хотин-қизлар яшаб турган жойи бўйича киритилади. Доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтмаганлик дафтарга киритишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Кимлар «Аёллар дафтари»га киритилади?

Хотин-қиз қуйидаги тоифалардан фақат бирига киритилиши мумкин:

  1. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар — ишлаш истаги бўлган, бандлиги таъминланмаган ва даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар.
  2. Тадбиркорликни бошлаш ёки кенгайтириш истагидаги хотин-қизлар — ишсиз ёки ўзини ўзи банд қилган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги эҳтиёжманд хотин-қизлар.
  3. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизлар — доимий турар жойи бўлмаган, нотурар жойда ёки ижарада яшаётган, бир хонадонда бир нечта оила билан истиқомат қилаётган ёхуд уй-жойи таъмирга муҳтож бўлган хотин-қизлар.
  4. Тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар — руҳий ҳолатини яхшилаш, жарроҳлик амалиётисиз даволаниш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож хотин-қизлар.
  5. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар — ҳуқуқлари бузилган, ажрим, яраштирув, суд, алимент ва бошқа ҳуқуқий масалаларда маслаҳат ёки амалий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар.

Қандай мурожаат қилинади?

Хотин-қизларнинг муаммолари:

  • ҳар йили январь ойида «маҳалла еттилиги» томонидан уйма-уй ўрганиш;
  • «маҳалла еттилиги»га бевосита мурожаат қилиш;
  • «Аёллар дафтари» ахборот тизими орқали мурожаат юбориш асосида аниқланади.

«Маҳалла еттилиги» — маҳалла раиси раҳбарлигидаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат гуруҳ.

Анкета тўлдирилганидан кейин 3 кун ичида эҳтиёжмандлик тоифаси аниқланади. Шундан сўнг 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизни дафтарга киритиш ёки асослантирилган тарзда рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал дастур ишлаб чиқилади.

Қандай ёрдамлар кўрсатилиши мумкин?

Эҳтиёж тоифаси ва индивидуал дастурга қараб:

  • ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ва бандликни таъминлаш;
  • тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки кенгайтиришга кўмаклашиш;
  • турар жой ижараси учун компенсация, ижтимоий уйга жойлаштириш ёки уй-жойни таъмирлаш;
  • тиббий кўрик, даволаниш ва психологик ёрдам;
  • ҳуқуқий маслаҳат, ҳужжатларни расмийлаштириш ва судга мурожаат қилишда кўмаклашиш;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Ижтимоий реестрдаги хотин-қизларга жарроҳлик амалиётисиз даволаниш харажатлари БҲМнинг 50 бараваригача, жарроҳлик амалиёти харажатлари эса давлат тиббий суғуртаси бўйича белгиланган базавий нархлар доирасида қопланиши мумкин. Дафтарга киритилиш барча ёрдамларни автоматик олиш ҳуқуқини бермайди — ёрдам тури индивидуал дастур ва белгиланган мезонлар асосида аниқланади.

Қачон дафтардан чиқарилади?

Хотин-қиз:

  • индивидуал дастурдаги ёрдамлар тўлиқ кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
  • ўз аризасига кўра;
  • дафтарга ноқонуний киритилгани аниқланганда;
  • бошқа давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганда;
  • озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги суд ҳукми кучга кирганда;
  • вафот этганда ёки суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда дафтардан чиқарилади.

Индивидуал дастурдаги масалалар тўлиқ ҳал этилмасдан туриб хотин-қизни дафтардан чиқариш мумкин эмас.

Рад этишдан норози бўлса нима қилиш мумкин?

Дафтарга киритиш рад этилганда унинг асослантирилган сабаби кўрсатилиши керак. Хотин-қиз нотўғри маълумотларни тузатишни талаб қилиши, юқори турувчи Оила ва хотин-қизлар органига ёки маъмурий судга шикоят қилиши мумкин.

Chat