Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 93072 марта ўқилди

Газ баллони ускунасини ўрнатиш

Газ баллони ускунаси ишлаб чиқарувчининг йўриқномаси ёки белгиланган тартибда тайёрланган техник лойиҳа асосида тегишли талабларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан ўрнатилади.

Ўрнатиш якунланганидан кейин ташкилот:

  • ускуна уланмаларининг герметиклиги ва ишончлилигини текширади;
  • ускунани созлайди ва тартибга солади;
  • транспорт воситасига белгиланган таниш белгисини ўрнатади;
  • қабул қилиш-топшириш ҳужжатларини расмийлаштиради.

Баллонни жойлаштириш талаблари

Газ баллони транспорт воситасига мустаҳкам ва қимирламайдиган қилиб ўрнатилиши керак.

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

  • баллонни двигатель бўлинмасига ўрнатиш;
  • баллонни пўлат трослар билан маҳкамлаш;
  • маҳкамлаш деталларини баллон корпусига пайвандлаш;
  • баллоннинг бошқа металл юзаларга бевосита тегиб туриши;
  • газ ускунаси элементларини чиқинди газ тизими ёки бошқа иссиқлик манбаидан 100 миллиметрдан яқин жойлаштириш.

Транспорт фойдаланишга тайёр ҳолатда бўлганда баллон билан йўл юзаси ўртасидаги масофа камида 200 миллиметр бўлиши шарт.

Муҳим: баллонни двигатель бўлинмасига ўрнатиш қатъиян тақиқланади.

Баллонларни техник текшириш муддатлари

Транспорт воситасига ўрнатилган баллонлар қуйидаги муддатларда даврий техник текширилади:

  • сиқилган табиий газ баллони — 3 йилда бир марта;
  • суюлтирилган нефть гази баллони — 2 йилда бир марта.

Техник текширишни белгиланган талабларга жавоб берадиган ва ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга юридик шахслар ўтказади.

Текширишда баллоннинг ташқи ҳолати, коррозия, ёриқ, ботиқлик ва бошқа шикастланишлар мавжудлиги, шунингдек унинг герметиклиги ва мустаҳкамлиги текширилади.

Баллоннинг хизмат муддати

Металл баллоннинг хизмат муддати ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланади, бироқ:

  • сиқилган табиий газ баллони учун — 15 йилдан ёки 15 000 марта тўлдириш циклидан;
  • суюлтирилган нефть гази баллони учун — 15 йилдан ошмаслиги керак.

Муҳим: хизмат муддати тугаган, ёрилган, кучли коррозияга учраган ёки бошқа йўл қўйилмайдиган шикастланиши мавжуд баллондан фойдаланиш мумкин эмас. Бундай баллон утилизация қилиниши керак.

Талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сон қарори билан тасдиқланган техник регламентда белгиланган.

Chat