Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 68974 марта ўқилди

Президент — Ўзбекистон Республикасининг давлат бошлиғи бўлиб, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлайди.

Президентликка ким сайланиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига:

  • 35 ёшдан кичик бўлмаган;
  • давлат тилини яхши биладиган;
  • бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаган;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси

сайланиши мумкин.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас. Президент 7 йил муддатга сайланади.

Қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, шунингдек диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Президентликка номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Президент қандай сайланади?

Президент Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Президент сайловини ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади.

Президент сайлови, қоида тариқасида, Президентнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Конституцияда назарда тутилган ҳолларда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши мумкин.

Ким овоз бериш ҳуқуқига эга?

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, маълумоти ёки машғулотидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эга.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ва суд қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳолларда сайлов ҳуқуқларини чеклашга йўл қўйилмайди.

Яширин овоз бериш

Сайловда овоз бериш эркин ва яширин амалга оширилади. Сайловчининг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Яширин овоз бериш сайловчининг танлови устидан ҳар қандай назорат имкониятини истисно этадиган шароитларни яратиш орқали таъминланади.

Яширин овоз бериш — сайловчининг кимга овоз бергани бошқа шахслар томонидан назорат қилиниши ёки аниқланишига йўл қўймайдиган овоз бериш тартиби.

Сайлов участкалари

Сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан 5 йил муддатга тузилади.

Зарур ҳолларда чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ҳузурида, ҳарбий қисмларда, даволаш муассасаларида, олис ҳудудларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилиши мумкин.

Президентликка номзодларни ким кўрсатади?

Президентликка номзодларни сиёсий партияларнинг юқори органлари кўрсатади.

Сиёсий партия Президентликка ўз партияси аъзосини ёки партиясиз шахсни номзод қилиб кўрсатиши мумкин. Ҳар бир сиёсий партия битта номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида 4 ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши керак. Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланади ва 45 кун қолганида тугайди.

Номзодни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган имзо варақаларида республикадаги сайловчилар умумий сонининг камида 1 фоизи имзоси бўлиши керак. Бунда битта маъмурий-ҳудудий тузилмада имзолар умумий сонининг кўпи билан 8 фоизи тўпланиши мумкин.

Муддатидан олдин овоз бериш

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва 3 кун қолганида тугайди.

Такрорий овоз бериш

Агар Президент сайловида икки нафардан ортиқ номзод иштирок этса ва улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олмаса, энг кўп овоз тўплаган икки номзод ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Такрорий овоз бериш асосий сайловдан кейин бир ой ичида, лекин сайлов кунидан камида 15 кун кейин ўтказилади. Такрорий овоз беришда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Президент қачон лавозимига киришади?

Янги сайланган Президент Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини расмий эълон қилган кундан эътиборан кечи билан 2 ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан лавозимига киришади.

Амалдаги Президент ўз ваколатларини янги сайланган Президент лавозимига киришгунига қадар бажаради.

Эслатма: Президент сайловида фуқаронинг овоз бериши эркин ва яширин бўлиб, унинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга ёки қонунчиликда назарда тутилмаган асосларда сайлов ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди.

Chat