Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 69275 марта ўқилди

Олий Мажлис қандай тузилган?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан:

  • Қонунчилик палатаси — қуйи палата;
  • Сенат — юқори палата иборат.

Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколат муддати 5 йил. Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат.

Фуқаро неча ёшдан овоз бериши мумкин?

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир сайловчи сайловда бир овозга эга ва фуқаролар тенг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари қандай сайланади?

Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати аралаш сайлов тизими асосида сайланади:

  • 75 нафар депутат — ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича;
  • 75 нафар депутат — бутун Ўзбекистон ҳудудини қамраб олувчи ягона сайлов округида сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда партия рўйхати бўйича.

Бир мандатли округда бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.

Партия рўйхати бўйича эса сайловда иштирок этган сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини олган сиёсий партиялар мандатларни тақсимлашда иштирок этади.

Қонунчилик палатаси депутатлигига ким номзод бўлиши мумкин?

Сайлов куни:

  • 25 ёшга тўлган;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида камида 5 йил муқим яшаган

фуқаро Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

Оғир ёки ўта оғир жиноят учун судланганлиги тугалланмаган шахслар, сўнгги 5 йил Ўзбекистонда муқим яшамаган фуқаролар, айрим ҳарбийлаштирилган органлар ходимлари ва диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Номзодларни ким кўрсатади?

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни сиёсий партияларнинг юқори органлари кўрсатади.

Номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганда тугайди. Партия бир мандатли округлар бўйича 75 нафар номзод, партия рўйхати бўйича эса 75 нафардан 100 нафаргача номзод кўрсатиши мумкин.

Бир мандатли округ бўйича кўрсатилган номзод партия рўйхатига киритилмайди.

Сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши керак. Партия рўйхатидаги ҳар 5 нафар номзоднинг камида 2 нафари аёл бўлиши лозим.

Сенат қандай шакллантирилади?

Сенат ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳридан 4 нафардан сенатор тегишли вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида уларнинг ўз орасидан яширин овоз бериш орқали сайланади.

Яна 9 нафар Сенат аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш ва давлат ҳамда жамият фаолиятининг бошқа соҳаларида катта тажриба ва алоҳида хизматларга эга обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенаторларни сайлаш маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай ўтказилади. Сенат аъзолигига номзод бўлиш учун шахс 25 ёшга тўлган ва Ўзбекистон ҳудудида камида 5 йил муқим яшаган тегишли вакиллик органи депутати бўлиши керак.

Эслатма: фуқаролар Қонунчилик палатаси депутатларини бевосита сайлайди. Сенатнинг ҳудудлардан сайланадиган аъзолари эса фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри эмас, тегишли маҳаллий вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида сайланади.

Chat