Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12373 марта ўқилди

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.

  • Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида 70 кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида 5 кунлик муддатда партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиш навбати тартибига қараб матбуотда эълон қилинади.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга қўйиладиган талаблар

Сайлов куни 21 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар:

  • содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
  • сайлов кунига қадар сўнгги 5 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
  • диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Маҳаллий Кенгашларнинг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланади ва сайловга 45 кун қолганида тугалланади.

Аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак.        

Бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш
  • Депутатларнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади.
  • Сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишига камида 1 ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
  • Тегишли маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати тугашига 6 ойдан кам вақт қолганида депутатнинг ўрни бўшаб қолган тақдирда, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

Округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш

Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси:

  • округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг умумий сонини;
  • сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини;
  • овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини;
  • ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;
  • ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Участка сайлов комиссиясининг баённомасида акс эттирилган, овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, округ сайлов комиссияси ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли.

Маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан 5 кун ичида бу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Chat