Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37603 марта ўқилди

Жамоатчилик назорати нима

Жамоатчилик назорати давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик томонидан қонунчиликда белгиланган шаклларда амалга ошириладиган назоратдир.

Унинг мақсади давлат органлари фаолиятида жамоатчилик манфаати ва фикрининг ҳисобга олиниши, қонунчилик талабларига риоя қилиниши ва жамият учун аҳамиятли вазифаларнинг бажарилишига кўмаклашишдан иборат.

Кимлар жамоатчилик назоратини амалга оширади

Жамоатчилик назорати субъектлари:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

— фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

— қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари;

— оммавий ахборот воситалари ҳисобланади.

Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Нималар назорат қилинади

Давлат органларининг, жумладан:

— қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорларда жамоатчилик манфаатлари ва фикрини ҳисобга олиши;

— фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни бажариши;

— ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор вазифаларни амалга ошириши;

— давлат хизматларини кўрсатиши;

— ижтимоий шериклик доирасидаги битимлар, лойиҳалар ва дастурларни бажариши жамоатчилик назорати объекти бўлиши мумкин.

Жамоатчилик назорати шакллари

Жамоатчилик назорати:

— давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш;

— давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

— жамоатчилик муҳокамаси;

— жамоатчилик эшитуви;

— жамоатчилик мониторинги;

— жамоатчилик экспертизаси;

— жамоатчилик фикрини ўрганиш;

— фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш шаклларида амалга оширилади.

Қонунчиликда бошқа шакллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Чекловлар борми

Жамоатчилик назорати барча давлат фаолиятига бир хил тартибда татбиқ этилмайди.

Сайлов ва референдумлар, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, суд ишларини юритиш ва жазоларни ижро этиш соҳаларидаги жамоатчилик назорати махсус қонунчилик асосида амалга оширилади.

Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида:

— фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш;

— шахсий ҳаётига аралашиш;

— тарқатилиши қонун билан чекланган ахборотни ошкор қилиш мумкин эмас.

Назорат натижаси нима бўлади

Жамоатчилик назорати натижаси бўйича:

— баённома;

— хулоса;

— маълумотнома;

— қонунчиликда назарда тутилган бошқа якуний ҳужжат тайёрланиши мумкин.

Якуний ҳужжат ахборот ва тавсия хусусиятига эга.

Бироқ ундаги ахборот, таклиф ва тавсиялар давлат органи томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ва улар юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши шарт.

Эслатма: жамоатчилик назорати хулосасидаги тавсия давлат органи учун автоматик мажбурий қарор эмас. Лекин давлат органи уни кўрмай қолдиришга ҳақли эмас — у мажбурий тартибда кўриб чиқилиши керак.

Chat