Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22266 марта ўқилди

Расмийлаштирув қачон ва қаерда амалга оширилади?

Танланган божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Одатда божхона расмийлаштируви божхона органи жойлашган ерда ва унинг иш вақтида амалга оширилади. Декларант ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра расмийлаштирув унинг ҳисобидан бошқа жойда ёки божхона органининг иш вақтидан ташқари вақтда ҳам ўтказилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви қанча вақтда амалга оширилади?

Товарлар ва транспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилиниб, барча зарур ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилган кундан бошлаб 1 иш куни ичида амалга оширилади.

Бу муддатга хавфни бошқариш тизими асосида зарур чораларни амалга ошириш вақти, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан ўтказиладиган назорат вақти кирмайди.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ветеринария, фитосанитария, экология ва бошқа давлат назорати амалга оширилиши ҳамда зарур рухсат хусусиятига эга ҳужжатлар мавжудлиги тасдиқланиши лозим.

Қачон божхона декларацияси берилади?

Товар ёки транспорт воситаси божхона чегараси орқали олиб ўтилганда, божхона режими ўзгартирилганда ва Божхона кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда декларациялаш амалга оширилади.

Божхона декларацияси божхона назорати учун зарур маълумотларни ўз ичига олади. Декларациялаш қонунчиликда белгиланган ҳолларга қараб ёзма, электрон ёки бошқа назарда тутилган шаклда амалга оширилади.

Божхона декларацияларининг турлари

Амалда 4 та турдаги божхона декларацияси қўлланилади:

  • транспорт воситаси учун декларация;
  • транзит декларацияси;
  • божхона юк декларацияси;
  • йўловчи божхона декларацияси.

Транзит декларацияси божхона органига электрон шаклда тақдим этилади.

Эслатма: 1 иш кунилик муддат фақат божхона декларацияси қабул қилиниб, барча зарур ҳужжат ва маълумотлар тўлиқ тақдим этилганидан кейин ҳисобланади.

Chat