Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:
- ишда тараф бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса ёки ишда тараф бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда;
- фуқаро (тараф) муомала лаёқатини йўқотганда;
- жавобгар — фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар — фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда;
- мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилгунига қадар кўриш имкони бўлмаганда;
- тараф чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида чет давлатнинг ваколатли органига илтимоснома берганда;
- медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда.
Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
- тараф Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётганда ёки мазкур шахслар давлатнинг бирор-бир мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;
- тараф даволаш муассасасида бўлганда, шунингдек тарафлардан бирида судга келишга тўсқинлик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлганда;
- жавобгар қидирилаётганда;
- тараф ишни кўриб чиқиш муддатидан ортиқ муддатда хизмат сафарида бўлганда, бундан ишда ташкилот вакиллари иштирок этаётган ҳоллар мустасно;
- суд томонидан экспертиза тайинланганда;
- ФПКнинг 103 ва 363-моддаларига мувофиқ суд томонидан суд топшириғи юборилганда.
- Иш юритишни тўхтатиб туриш вақти
Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Иш юритиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар барҳам топганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки суднинг ташаббуси билан тикланади.
Иш юритиш тикланган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.
Иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарилади.