Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7811 марта ўқилди

Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:
  • мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда;
  • жавобгар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар-фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда;
  • ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса;
  • ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда;
  • тараф суд томонидан тан олиниши ва ижрога қаратилиши тўғрисида кўрилаётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга илтимоснома берганда.
  • медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда.

Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
  • суд томонидан экспертиза тайинланганда;
  • ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда;
  • ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;
  • чет давлатлар судларига низони мазмунан ҳал этиш учун алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда.

Иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин иш юритиш тикланади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Chat