Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 59379 марта ўқилди

Касбий таълим қандай ташкил этилади

Касбий таълим тизими бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларини қамраб олади.

Ислоҳотлар доирасида касбий таълим ташкилотларининг турларини мақбуллаштириш ва барча даражалар бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғини ташкил этиш белгиланган.

Техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва касбий таълим соҳасини бошқариш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилган.

Касбий таълим — муайян касб ва мутахассислик бўйича билим, амалий кўникма ва компетенцияларни эгаллашга қаратилган таълим.

Техникумларда қандай дастурлар бўлади

Техникумларда:

— бошланғич касбий таълим;

— ўрта касбий таълим;

— ўрта махсус касбий таълим дастурлари;

— малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

9-синфни тамомлаган ўқувчилар учун бошланғич касбий таълим дастурлари давлат гранти асосида, камида умумий ўрта маълумотга эга бошқа талабгорлар учун эса тўлов-контракт асосида ташкил этилади.

Ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин.

Ўқув жараёни

Техникумларда кадрлар тайёрлаш халқаро таълим таснифи ва миллий малака тизими талабларига мувофиқ ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилидан техникумларга иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш, фанларни интеграция қилиш ҳамда мутахассислик ва умумкасбий фанлар соатларини белгиланган доирада 30 фоизгача ўзгартириш имконияти берилган.

Профессионал таълим муассасаларида гуруҳлар, қоида тариқасида, 12 нафардан 30 нафаргача ўқувчидан шакллантирилади.

Диплом ва сертификат

Касбий таълим агентлиги таълим дастурларининг мазмуни, малака даражалари, минимал ўқитиш муддатлари ва битирувчилар билимини баҳолаш мезонларини белгилайди.

Давлат таълим стандартлари асосида таълим олган техникум ва ўқув курслари битирувчиларига давлат намунасидаги диплом ёки сертификат берилади.

Малака — шахснинг муайян касбий фаолиятни бажариш учун зарур бўлган билим ва амалий кўникмалари даражаси.

Chat