Давлат аккредитацияси давлат ва нодавлат:
— ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари;
— олий таълим ташкилотлари;
— олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи ташкилотлар;
— кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотларига нисбатан қўлланилади.
Аккредитация соҳасида махсус ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳисобланади.
Давлат аккредитацияси икки асосий турда амалга оширилади:
Махсус давлат аккредитацияси — янги таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлашни бошлашдан олдин унинг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш.
Комплекс давлат аккредитацияси — таълим ташкилоти ва унда амалга оширилаётган таълим дастурларининг сифати ҳамда белгиланган мезонларга мувофиқлигини даврий баҳолаш.
Комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда бир марта ўтказилади.
Аккредитация қуйидаги тўрт босқичдан иборат:
— ариза бериш;
— ички баҳолаш;
— ташқи баҳолаш;
— якуний қарор қабул қилиш.
Келгуси ўқув йилидан янги таълим дастурини бошлаш учун махсус аккредитацияга ариза, қоида тариқасида, 1 октябрдан 31 январгача берилади.
Комплекс аккредитация учун ариза амалдаги сертификатнинг муддати тугайдиган ўқув йилидан олдинги йилнинг 15 сентябрига қадар топширилади.
Ариза ва ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилса, Миллий агентлик уларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади.
Ариза қабул қилингач, 10 иш куни ичида аккредитация ўтказиш бўйича шартнома тузилади.
Ички баҳолаш ҳисоботи:
— махсус аккредитацияда ташқи баҳолашдан камида 1 ой олдин;
— комплекс аккредитацияда камида 2 ой олдин тақдим этилади.
2026 йил 5 январдан аккредитация хизматлари учун алоҳида тўлов миқдорлари амал қилади.
Аризани кўриб чиқиш учун 2 БҲМ йиғим ундирилади.
Базавий тўловлар, жумладан:
— ўрта махсус ва касбий таълимда: комплекс аккредитация — 100 БҲМ, махсус аккредитация — ҳар бир дастур учун 18 БҲМ;
— олий таълимда: комплекс аккредитация — 420 БҲМ, махсус аккредитация — ҳар бир дастур учун 100 БҲМ;
— олий таълимдан кейинги таълимда: 238 БҲМ ва 86 БҲМ;
— қайта тайёрлаш ва малака оширишда: 100 БҲМ ва 17 БҲМ.
Аниқ тўлов миқдори белгиланган коэффициентлар ҳисобга олинган ҳолда ҳисобланиши мумкин.
Ташқи баҳолашдан сўнг дастлабки ҳисобот 15 иш куни ичида тайёрланади. Таълим ташкилоти унга нисбатан 3 иш куни ичида эътироз билдириши мумкин.
Аккредитация бўйича қарордан норози ташкилот 3 иш куни ичида апелляция бериши мумкин. Апелляция 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Қарор устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам мавжуд.
Махсус аккредитациядан ўтмаган таълим дастури бўйича кадр тайёрлашга йўл қўйилмайди.
Комплекс аккредитациядан ўта олмаган ташкилотга аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 6 ойгача муддат берилиши мумкин. Аккредитациядан муваффақиятли ўтган ташкилотга сертификат бир ҳафта ичида расмийлаштирилади.