Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий яшовчи фуқароларининг аризалари консул томонидан кўриб чиқилади. Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисида ариза бериш учун шахс 16 ёшга тўлган бўлиши керак.
Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага иловалар:
- ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
- агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
- агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
- ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
- агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
- 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.
Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар:
- «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига биноан;
- суднинг ҳал қилув қарори асосида;
- агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
- агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
- хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
- оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
- 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда кўриб чиқилади.
Йиғилган ҳужжатлар асосида консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг ёки ариза берувчи доимий яшаб турган давлатнинг ваколатли органларидан ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришига рухсат берилганлиги ҳақидаги хулосани олиши зарур.
Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза ариза берилган кундан бошлаб 2 ой мобайнида кўриб чиқилиши керак.
Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартирганлик учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.