Суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шунингдек суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.
Суғурталовчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасининг тузилиши ва ижро этилишини ташкил қилиш бўйича фаолият юритувчи юридик ёки жисмоний шахс суғурта агенти ҳисобланади.
Суғурталовчининг бошқарув органлари раҳбарлари суғурта агенти бўла олмайдилар.
Суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда махсус ваколатли давлат органи берадиган лицензиялар асосида амалга оширилади.
Лицензия суғурталовчига ёхуд ҳаётни суғурта қилиш соҳасида, ёхуд умумий суғурта соҳасида, ёхуд фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилади. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, умумий суғурта соҳасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим турлари (класслари) бундан мустасно. Умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи суғурта шартномаларини тузишга ҳақли эмас.