Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15387 марта ўқилди

Қайси мол-мулк бўлиниши мумкин

Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига орттирилган мол-мулк, у кимнинг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, қоида тариқасида уларнинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Жумладан:

  • кўчмас мулк;
  • транспорт воситалари;
  • қимматли қоғозлар, пайлар ва улушлар;
  • банк омонатлари;
  • тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар;
  • никоҳ давомида орттирилган бошқа мол-мулк бўлиниши мумкин.

Умумий мол-мулк никоҳ даврида ҳам, никоҳ бекор қилинганидан кейин ҳам бўлиниши мумкин.

Қайси мол-мулк бўлинмайди

Қоида тариқасида қуйидагилар ҳар бир эр ёки хотиннинг шахсий мулки ҳисобланади:

  • никоҳга қадар тегишли бўлган мол-мулк;
  • никоҳ давомида ҳадя, мерос ёки бошқа бепул битим асосида олинган мол-мулк;
  • қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан ташқари шахсий фойдаланиш буюмлари.

Агар шахсий мол-мулкнинг қиймати никоҳ давомида умумий маблағлар ёки иккинчи тарафнинг меҳнати ҳисобига анча оширилган бўлса, у суд томонидан умумий мол-мулк деб топилиши мумкин.

Келишувнинг шакли

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ эр-хотин умумий мол-мулкни ўзаро келишув асосида бўлиши мумкин. Тарафларнинг хоҳишига кўра келишув нотариал тартибда тасдиқланади.

Келишувда:

  • бўлинадиган ҳар бир мол-мулк;
  • унинг ҳуқуқий ҳолати ва қиймати;
  • қайси мол-мулк қайси тарафга ўтиши;
  • улушлар миқдори;
  • компенсация суммаси ва тўлаш муддати;
  • умумий қарзларни тақсимлаш тартиби;
  • мол-мулкни топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш шартлари кўрсатилади.

Муҳим! Кўчмас мулк ёки транспорт воситаси келишув асосида бошқа тарафга ўтса, ҳуқуқни тегишли давлат органида қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилади.

Улушлар ва компенсация

Агар никоҳ шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, эр-хотиннинг умумий мол-мулкдаги улушлари тенг деб ҳисобланади.

Тарафлар ўзаро келишув билан мол-мулкни бошқача нисбатда бўлишлари мумкин. Бир тарафга унинг улушидан қимматроқ мол-мулк берилса, иккинчи тарафга пул ёки бошқа компенсация белгиланиши мумкин.

Болаларга тегишли буюмлар

Вояга етмаган болалар эҳтиёжи учун олинган кийим-бош, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, китоблар ва бошқа буюмлар бўлинмайди. Улар болалар қайси тараф билан яшаса, ўша тарафга компенсациясиз берилади.

Болалар номига қўйилган омонатлар ҳам болаларга тегишли бўлиб, умумий мол-мулкни бўлишда ҳисобга олинмайди.

Умумий қарзлар

Оила манфаатлари учун олинган умумий қарзлар келишувда ҳам ҳисобга олиниши лозим. Бироқ келишув кредиторнинг ҳуқуқларини унинг розилигисиз бекор қилмайди ёки камайтирмайди.

Низо келиб чиқса, мол-мулк, улушлар ва умумий қарзларни тақсимлаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади.

Нотариусга тақдим этиладиган маълумотлар

Нотариус тарафларнинг шахси, никоҳ ҳолати, мол-мулкка бўлган ҳуқуқ, тақиқлар ва бошқа чекловларни электрон ахборот тизимлари орқали текширади. Электрон тизимларда мавжуд бўлмаган ҳужжатлар тарафлардан талаб қилиниши мумкин.

Chat