Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15324 марта ўқилди

Нотариуснинг медиатор сифатидаги вазифаси

«Нотариат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ нотариус «Медиация тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда медиатор вазифасини бажаришга ҳақли.

Медиация тарафларга низони суд муҳокамасисиз ёки бошланган суд иши доирасида ўзаро мақбул келишув асосида ҳал этиш имконини беради.

Медиация:

  • фуқаролик-ҳуқуқий низоларга;
  • тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ низоларга;
  • мижоз ва банк ёки кредит ташкилоти ўртасидаги низоларга;
  • суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларга;
  • меҳнат ва оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан қўлланиши мумкин.

Медиация принциплари

Медиация ихтиёрийлик, махфийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принципларига асосланади.

Нотариус тарафларни муайян қарор қабул қилишга мажбурлай олмайди, бир тарафни устун ҳолатга қўя олмайди ёки тарафлардан бирининг ҳуқуқларини чеклай олмайди.

Ҳар бир тараф медиацияни давом эттиришдан исталган вақтда воз кечиши мумкин.

Муҳим! Медиацияда иштирок этганлик факти тарафнинг айбини ёки билдирилган талабни тан олганлигини англатмайди.

Медиацияни бошлаш

Медиация тарафларнинг ёзма келишуви асосида бошланади. Келишувда:

  • тарафлар ҳақидаги маълумотлар;
  • низо предмети;
  • танланган медиатор;
  • медиация тартиби;
  • ўтказиш тили, жойи ва санаси;
  • муддати;
  • харажатларни тақсимлаш шартлари кўрсатилади.

Нотариус тарафлар билан биргаликда ёки уларнинг ҳар бири билан алоҳида учрашувлар ўтказиши мумкин.

Медиация муддати

Умумий қоида бўйича медиация 30 кундан ошмаган муддатда тугалланиши керак. Зарур бўлганда тарафларнинг ўзаро розилиги билан муддат яна 30 кунгача узайтирилиши мумкин.

Суд ҳужжатлари ёки бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнидаги медиация муддати кўпи билан 15 кун бўлади.

Медиатив келишув

Тарафлар ўзаро мақбул қарорга келса, ёзма медиатив келишув тузилади. Унда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни бажариш шартлари ва муддатлари белгиланади.

Келишув тарафлар томонидан имзоланади ва медиатор томонидан тасдиқланади. Нотариус медиатор бўлганда тарафлар келишувини нотариал тартибда тасдиқлайди.

Медиатив келишув:

  • қонунчиликка зид бўлмаслиги;
  • медиацияда иштирок этмаган учинчи шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилмаслиги;
  • жамоат манфаатларига зарар етказмаслиги керак.

Муҳим! Медиатив келишув тарафлар учун мажбурий кучга эга. У ихтиёрий бажарилмаса, манфаатдор тараф келишувни мажбурий ижрога қаратишни сўраб судга мурожаат қилишга ҳақли.

Махфийлик

Медиация жараёнида маълум бўлган ахборот, қоида тариқасида, тарафларнинг розилигисиз ошкор қилинмайди. Медиатор ва бошқа иштирокчилар медиацияда маълум бўлган ҳолатлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши ёки улардан бундай ахборот талаб қилиниши мумкин эмас, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Chat