Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида мақсадли ўқиш учун 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари номзод бўлиши мумкин.
Номзодлар Ахборот технологиялари соҳасидаги билимларни ривожлантириш маркази ва танлаб олинган таълим ташкилотлари томонидан танлов асосида сараланади.
Марказ IT ва компьютер дастурлаш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш учун таълим ташкилотлари орасида энг яхши таклифларни танлов асосида танлайди.
Мутахассисларга бўлган талаб вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Танлаб олинган номзод билан Марказ ўртасида келгусидаги даромадлардан улуш ажратишни назарда тутувчи Income Share Agreement шартномаси тузилади.
Ушбу шартнома асосида ўқиш харажатларини тўлаш учун мақсадли қарз берилади. Ўқишни тугатганидан кейин иштирокчи шартномада белгиланган тартибда қарз маблағи ва унинг фоизларини қайтариши шарт.
Income Share Agreement — таълим харажатларини молиялаштириш эвазига ўқишни тамомлаган шахснинг келгусидаги даромадидан шартномада белгиланган тартибда тўлов қилишини назарда тутувчи келишув.
2025 йил 21 ноябрдан мақсадли қарз бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори бўлиши белгиланди.
Шунингдек, IT экспортини ривожлантириш ва хорижий тилларни ўргатиш орқали халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлаш учун мақсадли қарз бериш имкониятлари кенгайтирилди.