
Кимларга бепул йўлланма берилади?
Бепул санаторий йўлланмаси қуйидаги тоифаларга берилади:
- уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг қайта никоҳдан ўтмаган бева хотини ёки бева эри;
- республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар;
- Чернобиль ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ёки ногиронлиги бўлган шахслар;
- ядро полигонлари ва радиация-ядро объектларида хизмат қилган пенсия ёшидаги шахслар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатувчи;
- ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;
- ёшга доир пенсия олувчилар.
Санаторий йўлланмаси — шахсга белгиланган муддатда санаторийда бепул даволаниш ва соғломлаштириш ҳуқуқини берувчи электрон ҳужжат.
Йўлланма неча йилда бир берилади?
Биринчи марта мурожаат қилганлардан ташқари, йўлланмалар навбат асосида:
- айрим уруш ва радиация билан боғлиқ тоифаларга, республика аҳамиятидаги шахсий пенсионерлар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга — ҳар йили;
- уруш қатнашчиларига тенглаштирилганлар, бева шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кўзи ожиз шахсни кузатувчига — икки йилда бир марта;
- ёшга доир пенсия олувчиларга — уч йилда бир марта берилади.
Имтиёзли тоифалардан бирига кирувчи «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони соҳибига белгиланган даврийлик доирасида навбатдан ташқари йўлланма берилади.
Қаерга мурожаат қилинади?
Шахс ёки унинг вакили:
- Давлат хизматлари марказига;
- ваколатли орган ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталига;
- Ягона миллий ижтимоий ҳимоя ахборот тизимига мурожаат қилиши мумкин.
Хизмат бепул кўрсатилади. Сўровномага имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва шифокор берган санаторийда даволаниш тавсия этилган тиббий маълумотнома илова қилинади.
Навбатни қандай текшириш мумкин?
Аризалар «IHMA Sanatoriy» модулида электрон реестрга киритилади. Мурожаатчи аризанинг ҳолати ва навбатини Давлат хизматлари маркази, ваколатли орган, ЯИДХП ёки ижтимоий ҳимоя ахборот тизими орқали реал вақт режимида текшириши мумкин.
Йўлланмалар сони санаторийлардаги мавжуд ўринлар ва Давлат бюджетида ажратилган маблағлар доирасида белгиланади.
Йўлланма неча кунга берилади?
Йўлланма 10 кунга берилади ва навбати келган шахсга QR-кодли электрон шаклда расмийлаштирилади.
Шахс санаторийга жойлашиш навбати келгани ҳақида йўлланма бошланишидан 20 кун олдин, лекин камида 10 кун олдин СМС, электрон хабар ёки ваколатли ходим орқали хабардор қилинади.
Йўлланма вақти мос келмаса нима қилиш мумкин?
Шахс йўлланма бошланишидан камида 3 кун олдин:
- йўлланмадан воз кечиши;
- унинг амал қилиш муддатини бир ойга кечиктиришни сўраши мумкин.
Йўлланманинг амал қилиш муддати бошланганидан кейин 5 кун ичида санаторийга мурожаат қилинмаса, йўлланма бекор қилинади.