Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 56806 марта ўқилди

Агентликнинг мақоми

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентлик тизимига:

  • марказий аппарат;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари;
  • туман ва шаҳар бўлимлари киради.

Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва тегишли ёрдам чораларини ташкил этишда иштирок этади.

Асосий вазифалари

Агентлик:

  • ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
  • ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;
  • ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлайдиди;
  • ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этади;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, ногиронлиги бўлган, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади;
  • ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради.

Назорат ваколатлари

Агентлик ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Қонунчилик бузилиши аниқланганда, Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига:

  • қонунбузилишни;
  • унинг содир этилишига сабаб бўлган ҳолатларни;
  • қонунбузилишга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиши мумкин.

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ҳамда ташкилотларидан ёшларга оид норматив ҳужжатлар ва дастурлар ижроси бўйича асослантирилган тушунтиришлар ҳамда маълумотлар талаб қилишга ҳақли.

Муҳим: Агентлик суд, прокуратура ёки ички ишлар органининг ваколатларини бажармайди. Жиноят, зўравонлик ёки бевосита хавф мавжуд бўлганда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиш лозим.

Ёшларга кўрсатиладиган кўмак

Агентлик тизими орқали ёшларга:

  • касб ва хорижий тилларни ўрганиш;
  • тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш;
  • бандликни таъминлаш;
  • таълим, спорт, маданият ва санъат соҳасида ривожланиш;
  • «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан ижтимоий ёрдам олиш;
  • грантлар ва субсидиялардан фойдаланиш бўйича кўмак кўрсатилади.

Ёрдам тури ва уни ажратиш шартлари тегишли давлат дастури ёки маъмурий регламентда белгиланади.

Мурожаат қилиш

Ёшлар:

  • маҳалладаги ёшлар етакчисига;
  • туман ёки шаҳар Ёшлар ишлари бўлимига;
  • Агентликнинг ҳудудий бошқармасига;
  • ЯИДХП ва тегишли электрон платформалар орқали мурожаат қилиши мумкин.
Chat