Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 24897 марта ўқилди

Соғлиқни сақлаш ҳуқуқи

Ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Давлат болаларга қонунчиликда белгиланган ҳажмда бепул тиббий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи қуйидагилар орқали таъминланади:

  • касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш;
  • малакали тиббий хизмат кўрсатиш;
  • диспансер кузатуви ва даволаш;
  • сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари устидан назорат;
  • боланинг соғлиғига мос таълим ва меҳнат шароитларини яратиш;
  • санитария-гигиена таълими ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
  • болага унинг ёши ва тушуниш даражасига мос шаклда соғлиғи ҳақида маълумот бериш.

Шошилинч ҳолатда боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур тиббий ёрдам кечиктирилмасдан кўрсатилиши шарт.

Тиббий аралашувга розилик

14 ёшдан ошган вояга етмаган шахс тиббий аралашувга маълумотларни билган ҳолда ихтиёрий розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

14 ёшга тўлмаган болага тиббий аралашув ўтказиш учун, одатда, унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг розилиги олинади.

Агар боланинг аҳволи ўз хоҳишини билдиришга имкон бермаса ва тиббий аралашувни кечиктириб бўлмаса, қарор шифокорлар консилиуми томонидан, уни йиғиш имкони бўлмаганда эса даволовчи ёки навбатчи шифокор томонидан қабул қилинади.

Боланинг тиббий маълумотлари

Болага унинг соғлиғи, ташхиси, даволаш усуллари ва эҳтимолий оқибатлар ҳақида тушунарли шаклда ахборот берилиши керак.

14 ёшга тўлмаган боланинг соғлиғи ҳақидаги маълумот унинг қонуний вакилига тақдим этилади. Тиббий ҳужжатлардаги маълумотлар шифокорлик сири ҳисобланади ва фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ошкор қилиниши мумкин.

Боланинг ҳаёти, соғлиғи ёки нормал ривожланишига зарар етказадиган илмий тажриба ва бошқа экспериментларни ўтказиш тақиқланади.

Давлат болаларни алкоголь, тамаки, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа зарарли маҳсулотлар таъсиридан ҳимоя қилиш чораларини кўради.

Ушбу кафолатлар «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган.

Chat