Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27506 марта ўқилди

Турар жойни ижарага олган айрим ҳарбийларга компенсация оширилган ҳолда  тўланади

Кимлар ижара компенсацияси олиши мумкин?

Ижара компенсацияси Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг 30 ёшдан ошган хотин-қизига, агар у уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлса ва «Аёллар дафтари»га киритилган бўлса, тўланиши мумкин.

Ижара компенсацияси — хотин-қизнинг турар жой ижараси учун тўлайдиган маблағининг бир қисмини «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш.

Компенсация миқдори қанча?

Ижара тўловининг 50 фоизи қопланади, бироқ компенсация:

  • Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3 бараваридан;
  • бошқа туман ва шаҳарларда — БҲМнинг 2 бараваридан ошмайди.

Агар ижара ҳақининг 50 фоизи белгиланган энг юқори миқдордан кам бўлса, амалдаги 50 фоиз миқдори тўланади.

Қандай шартнома тузилади?

Турар жой ижараси бўйича:

  • ижарага берувчи;
  • ижарага олувчи хотин-қиз;
  • туман ёки шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими

ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Шартнома тегишли йилнинг охирги кунигача амал қилади.

Шартномада уй-жой манзили, ижара муддати, ойлик тўлов миқдори, тарафларнинг реквизитлари ва тўлов шартлари кўрсатилиши керак.

Маблағ кимга тўланади?

Компенсация хотин-қизга нақд пул шаклида берилмайди. Маблағ уч томонлама шартномага мувофиқ ижарага берувчига тўғридан-тўғри ўтказилади.

Ёрдам хотин-қиз «Аёллар дафтари»да турган даврда ва ижара шартномаси амал қилган вақтда тўланади.

Қайси ҳолатларда компенсация берилмайди?

Хотин-қиз ёки у билан бирга яшовчи оила аъзолари:

  • бошқа дастур доирасида уй-жой билан таъминланган;
  • ҳомийлик ёки бошқа маблағлар ҳисобидан турар жой олган;
  • уй-жой шароитини яхшилаш учун бошқа ижтимоий ёрдам ёки имтиёздан фойдаланган бўлса, компенсация ажратилмайди.

Компенсация олаётган хотин-қизга уй-жой ажратилса ёки у ижтимоий уй-жойга жойлаштирилса, тўлов кўчиб ўтган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан тўхтатилади.

Қандай мурожаат қилинади?

Хотин-қиз ижара компенсациясига эҳтиёжини маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ёки «маҳалла еттилиги»га маълум қилади. Унинг ижтимоий ҳолати, Ижтимоий реестрдаги маълумоти ва уй-жойга эҳтиёжи ўрганилиб, ёрдам индивидуал дастурга киритилади.

Рад этиш сабаби асослантирилиши керак. Нотўғри маълумотларни тузатишни талаб қилиш ёки қарор устидан юқори турувчи Оила ва хотин-қизлар органига ёхуд маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.

Chat