Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 41388 марта ўқилди

Техник кўрик даврийлиги

Қуйидаги транспортлар йилига 2 марта техник кўрикдан ўтказилади:

  • тижорат асосида йўловчи ташувчи енгил автомобиллар;
  • автобуслар, троллейбуслар ва трамвайлар;
  • ҳайдовчи ўрнидан ташқари камида 8 та ўриндиққа эга, одам ташишга мўлжалланган юк автомобиллари;
  • йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юк ташувчи махсус транспортлар.

Қуйидаги транспортлар 2 йилда бир марта кўрикдан ўтказилади:

  • юридик шахсларга тегишли, ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошмаган барча тоифадаги транспортлар;
  • жисмоний шахсларга тегишли M2, M3, N ва O тоифадаги, ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошмаган транспортлар;
  • жисмоний шахсларга тегишли M1 ва L тоифадаги, ишлаб чиқарилганига 11–14 йил бўлган транспортлар.

Қуйидаги транспортлар ҳар йили кўрикдан ўтказилади:

  • юридик шахсларга тегишли, ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошган транспортлар;
  • жисмоний шахсларга тегишли M2, M3, N ва O тоифадаги, ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ошган транспортлар;
  • ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспортлар;
  • жисмоний шахсларга тегишли M1 ва L тоифадаги, ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлган транспортлар.

Бошқа даврийликка кирмайдиган, СТГ-3 турдаги газ баллони ўрнатилган транспорт воситалари 3 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Муҳим: жисмоний шахсларга тегишли, ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган M1 ва L тоифадаги транспорт воситалари техник кўрикдан ихтиёрий равишда ўтказилади. Тижорат асосида йўловчи ташиш ҳоллари бундан мустасно.

Техник кўрик ўтказиладиган муддатлар

Йилига икки марта кўрикдан ўтадиган транспортлар:

  • биринчи марта — 1 мартдан 30 июнгача;
  • иккинчи марта — 1 сентябрдан 31 октябргача кўрикдан ўтказилади.

Бошқа транспорт воситалари 1 январдан 31 декабргача кўрикдан ўтказилади.

Мурожаат қилиш ва кўрик жойи

Транспорт воситаси:

  • ЙҲХХнинг диагностика станциясида;
  • шартнома асосида техник хизмат кўрсатиш станциясида;
  • талабларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектининг техник базасида кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Кўрик транспорт рўйхатдан ўтган ҳудудда ёки мулкдорнинг хоҳишига кўра экстерриториал тартибда бошқа ҳудудда ҳам ўтказилади.

Техник кўрикдан ўтиш учун ЯИДХПдаги «Енгил автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш лабораториялари» хизмати орқали электрон сўров юбориш мумкин. Хизмат бепул, натижа автоматик шакллантирилади. Транспорт воситасининг техник ҳолати эса танланган лаборатория ёки диагностика станциясида бевосита текширилади.

Техник кўрик учун тўлов

ЙҲХХ органи ўтказадиган техник кўрик учун белгиланган йиғим ундирилади. Тадбиркорлик субъекти томонидан ўтказиладиган кўрик нархини ушбу субъект мустақил белгилайди.

Биринчи кўрикда транспорт носоз деб топилса, такрорий кўрик учун ҳам тўлов ундирилиши мумкин.

Амалдаги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сон қарори, тўловлар эса 2303-сон ҳужжат билан белгиланган.

Chat