Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17976 марта ўқилди

Оилавий болалар уйининг мазмуни

Оилавий болалар уйи — етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тутинган оила муҳитида тарбиялаш шаклидир.

Оилавий болалар уйи юридик шахс ташкил этмасдан фуқаронинг оиласида ташкил этилади. Болалар тутинган ота-оналар билан бирга яшайди ва оила муҳитида тарбияланади.

Муҳим! Оилавий болалар уйларини тартибга солган Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 августдаги 451-сон қарори 2025 йил 1 февралдан кучини йўқотган. Ҳозирги тартиб 893-сон қарор билан белгиланади.

Тутинган ота-онага қўйиладиган талаблар

Ўзбекистон Республикасининг 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган фуқароси, оилавий ҳолатидан қатъи назар, оилавий болалар уйини ташкил этувчи тутинган ота-она бўлиши мумкин.

Номзод:

  • муомалага лаёқатли бўлиши;
  • болаларни тарбиялаш учун муносиб соғлиқ ҳолатига эга бўлиши;
  • етарли турар жой ва хавфсиз маиший шароит ярата олиши;
  • қонунчиликда белгиланган тақиқлар доирасига кирмаслиги;
  • тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтиши;
  • ваколатли органнинг ижобий хулосасини олиши керак.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, муомалага лаёқсиз, айрим касалликларга чалинган, қонунда кўрсатилган жиноятлар учун судланган ёки илгари болага нисбатан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган шахсларга оилавий болалар уйини ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Ариза бериш ва номзодни танлаш

Оилавий болалар уйини ташкил этишни хоҳлаган шахс яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига бевосита ёки ҳудудга бириктирилган ижтимоий ходим орқали мурожаат қилади.

Мурожаат асосида номзоднинг:

  • шахси ва оилавий ҳолати;
  • соғлиғи;
  • даромад манбалари;
  • судланганлиги;
  • уй-жой ва маиший шароитлари;
  • болаларни тарбиялашга тайёрлиги;
  • бошқа оила аъзоларининг муносабати ўрганилади.

Номзод тайёрлов курсидан ўтиб, ижобий хулоса олганидан кейин оилавий болалар уйини ташкил этишга номзод сифатида ҳисобга қўйилади.

Оилавий болалар уйини ташкил этиш

Оилавий болалар уйи номзоднинг аризаси асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармаси қарори билан ташкил этилади ва тугатилади.

Оилавий болалар уйини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда:

  • оилавий болалар уйининг номи, агар мавжуд бўлса;
  • унинг манзили;
  • молиялаштириш масалаларига оид кўрсатмалар кўрсатилади.

Қабул қилинган қарор бир иш куни ичида номзодга етказилади.

Болаларни жойлаштириш шакллари

Болалар оилавий болалар уйига ваколатли орган ва тутинган ота-она ўртасида тузилган шартнома асосида қуйидаги шаклларда жойлаштирилади:

  • қисқа муддатли жойлаштириш;
  • узоқ муддатли жойлаштириш;
  • ихтисослаштирилган жойлаштириш.

Қисқа муддатли жойлаштириш

Қисқа муддатли жойлаштириш боланинг ижтимоий мақоми ва уни кейинги жойлаштириш шакли белгилангунига қадар амалга оширилади.

Бундай жойлаштириш муддати кўпи билан 6 ойни ташкил этади.

Хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиб, Ўзбекистонга олиб келинган болалар ҳам кейинги мақоми белгилангунига қадар қисқа муддатли шаклда жойлаштирилиши мумкин.

Қисқа муддатга жойлаштирилган бола кейинчалик шу оилада узоқ муддатли жойлаштириш шаклига ўтказилиши мумкин. Бунинг учун янги шартнома тузилади.

Узоқ муддатли ва ихтисослаштирилган жойлаштириш

Узоқ муддатли жойлаштириш етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани:

  • 18 ёшга тўлгунига;
  • ёки умумий ўрта, ўрта махсус ёхуд бошланғич профессионал таълимни тамомлагунига қадар оилавий муҳитда тарбиялашни назарда тутади.

Ихтисослаштирилган жойлаштириш ногиронлиги бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун қўлланади.

Болалар сони

Тутинган оилага тарбиялаш учун кўпи билан 5 нафар бола берилиши мумкин.

Оиладаги ўз болалари, фарзандликка олинган ва тутинган болаларнинг умумий сони, қоида тариқасида, 8 нафардан ошмаслиги керак.

Агар тутинган ота-она ёки улардан бири 65 ёшга тўлса, шунингдек, янги бола қабул қилиш мавжуд болаларнинг манфаатларига зид бўлса, оилага янги бола олишга йўл қўйилмайди.

Болаларни танлаш ва жойлаштириш

Болани оилавий болалар уйига жойлаштиришда:

  • унинг ёши ва соғлиғи;
  • психологик ҳолати;
  • ака-ука ва опа-сингиллари мавжудлиги;
  • яқин қариндошлари билан алоқалари;
  • боланинг фикри;
  • оиладаги бошқа болаларнинг манфаатлари ҳисобга олинади.

Ака-ука ва опа-сингилларни ажратиб юборишга, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.

Боланинг тарбияси ва парвариши индивидуал ривожланиш режаси ёки ижтимоий интеграция режаси асосида ташкил этилади.

Шартноманинг мазмуни

Тутинган ота-она билан тузиладиган шартномада:

  • болаларни тарбиялаш ва парваришлаш шартлари;
  • тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • болаларнинг ҳуқуқлари;
  • жойлаштириш муддати ва шакли;
  • молиялаштириш тартиби;
  • мониторинг ўтказиш;
  • шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари кўрсатилади.

Бола оилавий болалар уйидан чиқарилганда ёки бошқа жойлаштириш шаклига ўтказилганда тегишли шартнома бекор қилинади.

Тутинган ота-онанинг мажбуриятлари

Тутинган ота-она:

  • болаларнинг хавфсиз яшаши ва тарбияланишини таъминлаши;
  • уларнинг соғлиғи ва таълим олишини назорат қилиши;
  • болаларни озиқ-овқат, кийим-бош ва зарур буюмлар билан таъминлаши;
  • ҳар бир боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши;
  • жисмоний ёки руҳий тазйиққа йўл қўймаслиги;
  • ажратилган маблағларни болалар манфаатлари учун сарфлаши;
  • ваколатли орган мониторинг ўтказишига шароит яратиши шарт.

Оилавий болалар уйига тўланадиган маблағлар

Оилавий болалар уйидаги ҳар бир тутинган бола учун:

  • 7 ёшгача бўлган боланинг яшаш харажатларига ҳар ойда БҲМнинг 5 баравари;
  • 7 ёшдан катта боланинг яшаш харажатларига ҳар ойда БҲМнинг 7 баравари;
  • болани тарбиялагани ва парваришлагани учун тутинган ота-онага ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари;
  • ногиронлиги бўлган болани тарбиялаш ва парваришлаш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баравари миқдорида маблағ тўланади.

Маблағлар бола оилага қабул қилинганидан кейин ажратилади. Биринчи ойдаги тўлов бола оилада бўлган кунларга мутаносиб равишда ҳисобланади.

Ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун тутинган ота-она жавобгар ҳисобланади.

Кузатув ва мониторинг

Оилавий болалар уйида тарбияланаётган болаларнинг турмуш ва тарбия шароитлари ҳар ойда камида бир марта, хонадонга ташриф буюриш орқали ўрганилади.

Мониторингда:

  • болаларнинг яшаш ва дам олиш шароити;
  • соғлиғи ва таълим олиши;
  • тутинган ота-она ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлари;
  • болаларнинг фикри;
  • ажратилган маблағларнинг сарфланиши ўрганилади.

Шартномани бекор қилиш ва фаолиятни тугатиш

Шартнома қуйидаги ҳолларда ваколатли орган ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин:

  • болага лозим даражада ғамхўрлик кўрсатилмаса;
  • тутинган ота-она ўз мажбуриятларини бажармаса;
  • ажратилган маблағлар болалар манфаатлари учун сарфланмаса;
  • мониторингда бола ҳуқуқлари ва манфаатларига зид ҳолатлар аниқланса;
  • тутинган ота-она ёки бола вафот этса.

Тутинган ота-она бир ойдан ортиқ касал бўлса ёки болалар билан муносабатларда ҳал этиб бўлмайдиган муаммолар юзага келса, шартномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраши мумкин.

Оилавий болалар уйи фаолияти тугатилганда ҳар бир болани кейинги жойлаштириш шакли унинг манфаатларидан келиб чиқиб ваколатли орган томонидан белгиланади.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat