Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15000 марта ўқилди

Ижара ҳақи миқдорини ким белгилайди?

Уй-жой учун тўланадиган ижара ҳақи миқдори ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ўзаро келишуви асосида шартномада белгиланади. Қонун ёки шартномада махсус ҳолат назарда тутилмаган бўлса, белгиланган ижара ҳақини бир тарафнинг ўзи бир томонлама ўзгартириши мумкин эмас.

Шу сабаб шартномада бир ойлик ижара ҳақи, уни тўлаш санаси ва тўлов усулини аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Ижара ҳақи қачон тўланади?

Ижарага олувчи ижара ҳақини шартномада кўрсатилган муддатларда тўлайди.

Агар шартномада тўлов санаси умуман белгиланмаган бўлса, уй-жой учун ҳақ ҳар ой тўланиши керак.

Тўлов банк ўтказмаси, картадан картага ёки тарафлар келишган бошқа усулда амалга оширилиши мумкин. Кейинчалик низо келиб чиқмаслиги учун тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйиш мақсадга мувофиқ.

2026 йилда солиқ учун қандай энг кам ставкалар амал қилади?

2026 йил учун турар жой ижараси бўйича умумий майдоннинг 1 кв.м учун бир ойлик энг кам ставкалари:

  • Тошкент шаҳрида — 30 000 сўм;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида — 14 500 сўм;
  • бошқа аҳоли пунктларида — 5 900 сўм.

Ушбу ставкалар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан оладиган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилади.

Бу ставкадан арзонроқ ижара ҳақини келишиш мумкин эмасми?

Мазкур йиллик ставкаларни фуқаролар ўртасидаги шартнома учун мажбурий «энг паст бозор нархи» деб тушуниш тўғри эмас. Фуқаролик кодексига кўра ижара ҳақининг ўзи тарафларнинг келишуви билан белгиланади, йиллик энг кам ставкалар эса солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб-китоб учун қўлланилади.

Ижара ҳақи тўланмаса нима бўлади?

Агар шартномада узоқроқ муддат белгиланмаган бўлса, ижарага олувчи уй-жой ҳақини 6 ой мобайнида тўламаса, ижарага берувчи шартномани суд тартибида бекор қилишни талаб қилиши мумкин.

Қисқа муддатли, яъни 1 йилгача бўлган ижарада эса шартномада белгиланган тўлов муддати ўтгач, ижара ҳақи 2 мартадан кўпроқ тўланмаган бўлса, суд орқали бекор қилиш масаласи қўйилиши мумкин.

Chat