Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9802 марта ўқилди

Хотин-қизларнинг фан ва таълим соҳасида давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари қандай?

Давлат таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркакларга тенг имкониятлар яратилишини таъминлайди.
Давлат қуйидагиларни кафолатлайди:

  • хотин-қизлар ва эркакларнинг таълим олиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг барча турларидан фойдаланишга, таълим ва илмий жараённи амалга оширишда иштирок этишга ҳамда маданиятдан, маданий қадриятлар ва меросдан фойдаланишга доир тенг ҳуқуқ ва имкониятларини;
  • турли таълим дастурларига гендер мавзусини жорий этиш орқали фуқароларнинг гендерга оид маърифатини оширишга кўмаклашишни;
  • жинслардан бирининг устунлиги ғоясига асосланган нотўғри тасаввурлардан холи ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп этишни;
  • ўқув дастурлари ва дарсликларни жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик принципига мувофиқлик юзасидан мунтазам равишда мониторинг қилишни;
  • гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни рағбатлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни.

Таълим соҳасидаги ваколатли орган таълим дастурларини, таълим муассасаларининг дастурларини ҳамда режаларини уларнинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги жиҳатидан экспертизадан ўтказишни таъминлайди.
Олий таълим муассасаларининг таълим дастурлари ва малака ошириш курслари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича курсни ўз ичига олиши керак.

Мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлдим ва кредит олиш учун банкка мурожаат қилдим, лекин мен қилмоқчи бўлган бизнесим аёллардан кўра еркакларга кўпроқ мос келади деган мазмунда рад жавобини беришди, бу қонунийми?

Йўқ, албатта бу қонуний эмас. Давлат органлари ва мулк шаклидан қатъи назар ташкилотлар раҳбарлари жамиятнинг иқтисодий ресурсларидан, шу жумладан кўчар ва кўчмас мол-мулк, ер, молиявий активлар, кредитлар, ижтимоий жамғармалардан, шунингдек тадбиркорлик фаолиятининг эркин танланган турларидан хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг фойдаланишини таъминлаши шарт.
Давлат хотин-қизлар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди.

Мен еркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамма нарсада тенг еканлигини ва бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилганлигини биламан, шу муносабат билан бир саволим бор, хотин-қизлар хар қандай ишда ишлаши мумкинми?

Хотин-қизларга нисбатан давлатнинг ғамхўрлигини инобатга олган холда, меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир.
Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.
Аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишларнинг рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда тасдиқлайди.

 

Chat