Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 36388 марта ўқилди

Қандай ечим фойдали модель ҳисобланади?

Маҳсулотга ёки усулга оид техник ечим янги ва саноатда қўллаш мумкин бўлса, фойдали модель сифатида ҳуқуқий муҳофаза қилиниши мумкин.

Маҳсулотга, масалан, қурилма, модда, микроорганизм штамми, ўсимлик ёки ҳайвон ҳужайралари турлари; усулга эса моддий воситалар ёрдамида моддий объект устида ҳаракатларни амалга ошириш жараёни киради.

Талабномада нималар бўлиши керак?

Талабнома, жумладан:

  • патент бериш ҳақидаги ариза;
  • фойдали моделни амалга ошириш учун етарлича очиб берувчи тавсиф;
  • унинг моҳиятини ифодаловчи формула;
  • зарур чизмалар ва бошқа материаллар;
  • реферат каби ҳужжатларни ўз ичига олади.

Талабнома қаерга берилади?

Талабнома:

  • Давлат хизматлари маркази;
  • Адлия вазирлигининг ахборот тизими;
  • ЯИДХП;
  • почта алоқаси орқали топширилиши мумкин.

Давлат экспертизасини Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» ўтказади.

Экспертиза қанча давом этади?

Расмий экспертиза талабнома келиб тушган санадан 2 ой ўтгандан кейин 1 ой давомида ўтказилади.

Расмий экспертизада талабнома қабул қилингач, кейинги экспертиза учун божни қарор санасидан 3 ой ичида тўлаш керак.

Фойдали модель экспертизаси оддий тартибда талабнома берилган санадан 12 ой ўтгандан кейин 2 ой давомида, тезкор тартибда эса талабнома кўриб чиқишга қабул қилингани ҳақидаги қарордан 1 ой ичида ўтказилади.

Патент божлари қанча?

Битта фойдали модель учун:

  • талабнома бериш ва расмий экспертиза — жисмоний шахсга 2 БҲМ, юридик шахсга 4 БҲМ;
  • фойдали модель экспертизаси — жисмоний шахсга 4 БҲМ, юридик шахсга 8 БҲМ.

Ижобий қарордан кейин объектни рўйхатдан ўтказиш, маълумотларни эълон қилиш, патент бериш ва унинг амал қилишини сақлаш учун ҳам алоҳида патент божлари мавжуд.

Патент қанча вақт амал қилади?

Фойдали модель патенти талабнома берилган санадан 5 йил амал қилади.

Патент эгасининг илтимосномасига кўра унинг амал қилиш муддати 3 йилга узайтирилиши мумкин.

Эслатма: фойдали моделга патент олиш жараёни битта босқичдан иборат эмас. Талабнома, экспертиза ва патентни расмийлаштириш босқичларида алоҳида божлар тўланади.

Chat